Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг таклифига биноан 5-6 декабрь кунлари давлат ташрифи билан Қозоғистонда бўлди.

Ўзбекистон мустақилликнинг илк кунларидан Марказий Осиё мамлакатлари, жумладан, Қозоғистон билан ўзаро ишонч ва яхши қўшничиликка асосланган муносабатларни ривожлантириш йўлидан борди. Халқларимиз нафақат яқин қўшни, балки қардош сифатида кўп қиррали ҳамкорликнинг барча масалалари бўйича азалдан бир-бирларини тушуниб, қўллаб-қувватлаб келган. Ўтган йиллар давомида бу алоқалар янада мустаҳкамланди, мамлакатларимиз яхши қўшни ва ўзаро манфаатли ҳамкор сифатида тараққиёт йўлидан елкама-елка бормоқда.

Ташрифнинг асосий тадбирлари 6 декабрь куни бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев шу куни Нур-Султон шаҳридаги «Отан корғаушилар» («Ватан ҳимоячилари”) монументига гул қўйди.

Оқўрда қароргоҳида Ўзбекистон Республикаси Президентини расмий кутиб олиш маросими бўлди.

Олий мартабали меҳмон шарафига фахрий қоровул саф тортди. Ўзбекистон ва Қозоғистон давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев фахрий қоровул олдидан ўтиб, расмий делегациялар аъзоларини бир-бирига таништирдилар.

Сўнг давлат раҳбарларининг тор доирадаги музокаралари бўлиб ўтди.

Самимият ва ишонч руҳида ўтган учрашувда етакчилар кўп қиррали Ўзбекистон – Қозоғистон шериклигига доир кенг кўламли масалаларни, шу жумладан, сиёсий, савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар соҳалардаги ҳамкорликни кўриб чиқдилар, халқаро ва минтақа кун тартиби юзасидан фикр алмашдилар.

Қозоғистон Президенти давлатимиз раҳбарини ташрифи билан қутлаб, Президент сайловида ишончли ғалаба қозонгани билан яна бир бор табриклади ва келгуси фаолиятига муваффақиятлар тилади, ушбу учрашувнинг муҳим аҳамиятини алоҳида қайд этди.

– Сиз Қозоғистонга давлат ташрифи билан келганингиздан жуда мамнунмиз. Ҳамкорликни янги даражага олиб чиқишда ушбу воқеа жуда муҳим. Бугун имзоланадиган ҳужжатлар шериклигимизга қўшимча суръат бағишлайди. Мамлакатларимиз ҳукуматларига белгиланган мақсадларга эришиш учун саъй-ҳаракатларни жадаллаштириш топшириғини бердик. Ўйлаймизки, мамлакатларимиз ўртасидаги муносабатлар бутун Марказий Осиё минтақасида барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашнинг муҳим омили бўлиб хизмат қилади, – деди Қосим-Жомарт Тоқаев.

Президентимиз таклиф учун миннатдорлик билдириб, ушбу учрашув Қозоғистон мустақиллигининг 30 йиллиги арафасида ўтаётганини таъкидлади ҳамда Ўзбекистон халқи номидан биродар қозоқ халқини ушбу қутлуғ сана билан самимий табриклади, тинчлик-осойишталик, равнақ ва янги зафарлар тилади.

Биринчи Президент – Элбоши Нурсултон Назарбоев бошлаган катта бунёдкорлик ишлари бугунги кунда Қосим-Жомарт Тоқаев раҳбарлигида давом эттирилаётгани ва Қозоғистон барқарор тараққиёт йўлидан дадил бораётгани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси икки биродар давлат ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларининг ривожланиш суръатини мамнуният билан қайд этди.

– Ўзбекистон ва Қозоғистон – табиий иқтисодий ҳамкорлар. Иқтисодиётларимиз рақобат қилмайди, бир-бирини тўлдириб туради. Ўзаро савдо ортмоқда. Жорий йилда товар айирбошлаш рекорд даража – 4 миллиард долларга етиши кутилмоқда. Автомобилда ва темир йўллари орқали юк ташиш ҳажмлари ошмоқда. Авиақатновлар тўлиқ қайта тикланди, янги йўналишлар очилмоқда. Етакчи корхоналаримиз кооперацияни муваффақиятли кенгайтирмоқда. Кейинги йилларда иқтисодиётнинг деярли барча тармоқларида қўшма корхона ва лойиҳалар сони 6 баробарга ошди, – деди Шавкат Мирзиёев.

Савдо-иқтисодий ҳамкорлик ривожланиб бораётгани, бунда мамлакатларимиз ҳудудлари ва тадбиркорлари ўртасидаги тўғридан-тўғри алоқалар муҳим ўрин тутаётгани алоҳида таъкидланди.

Ўзбекистон Президентининг ташрифи арафасида Туркистон шаҳрида Бош вазирлар раислигида Ҳукуматлараро комиссия йиғилиши ва Ҳудудлар форуми ўтди. Куни кеча Қозоғистон пойтахтида қўшма бизнес-форум муваффақиятли ўтказилди. Ушбу тадбирлар натижасида жами 6 миллиард долларлик келишув ва шартномалар имзоланди.

Кейинги йилларда қўшма корхоналар сони 6 баробарга ошди. Костанайда автомобиль, автобус ва қишлоқ хўжалиги техникасини ишлаб чиқариш йўлга қўйилди. Туркистон ва Чимкентда замонавий тўқимачилик ва маиший техника корхоналари ишга туширилди. Ўзбекистонда қозоғистонлик ҳамкорлар билан биргаликда энергетика, саноат, кимё, озиқ-овқат тармоқлари, қурилиш соҳасида қатор лойиҳалар амалга оширилмоқда.

Пандемия даврида биродар халқларимиз бир-бирига ёрдам бериб келдилар.

Гуманитар соҳадаги ҳамкорлик фаол ривожланмоқда. Қайта тикланган Тошкент халқаро кинофестивали доирасида Қозоқ киноси кунлари муваффақиятли ўтказилди. Шу ҳафта Қозоғистон пойтахтида Ўзбек киноси кунлари бўлиб ўтади.

Минтақа давлатлари раҳбарларининг мунтазам маслаҳат учрашувлари ўз самарасини кўрсатди. Очиқ ва ишончли мулоқот учун ноёб майдон шаклланди.

Ўзбекистон ва Қозоғистон БМТ, МДҲ, ШҲТ, ИҲТ, Туркий тилли давлатлар ташкилоти ва бошқа тузилмалар доирасида ҳам фаол ҳамкорлик қилмоқда.

– Бугун икки томонлама стратегик шериклигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтариш тўғрисида тарихий қарор қабул қиламиз. Бу нафақат мамлакатларимиз, балки бутун минтақанинг изчил тараққиёти, барқарорлиги ва равнақи учун улкан аҳамиятга эга бўлади, – деди Ўзбекистон Президенти.

Етакчилар минтақа ва халқаро кун тартибининг томонларни қизиқтирган долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.

Учрашувда давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги дўстлик ва яхши қўшничилик муносабатларини янада мустаҳкамлаш борасидаги интилиши қатъий эканини яна бир бор тасдиқладилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ва Қозоғистон Республикаси Президенти Қосим-Жомарт Тоқаевнинг музокаралари икки мамлакат расмий делегациялари иштирокида давом этди.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон стратегик шериклиги ва кўп қиррали ҳамкорлигини янада мустаҳкамлашнинг истиқболларини атрофлича муҳокама қилдилар. Савдо-иқтисодий ҳамкорликни кенгайтириш, жумладан, ўзаро товар айирбошлашни кўпайтириш, қўшма кооперация лойиҳаларини амалга ошириш, транзит ва логистика, энергетика, сув ва қишлоқ хўжалиги соҳаларидаги қўшма саъй-ҳаракатларни фаоллаштириш масалаларига устувор аҳамият қаратилди. Ҳудудлараро ва маданий-гуманитар алмашинувларни жадаллаштириш чоралари кўриб чиқилди.

Шунингдек, глобал ва минтақа кун тартибида турган ҳамда халқаро тузилмалар доирасидаги ҳамкорлик юзасидан фикр алмашилди.

Президентимиз Ўзбекистон халқларимиз ўртасидаги самимий биродарлик муносабатларини юксак қадрлашини таъкидлади.

– Бугун тарихий қарор қабул қиляпмиз, ҳамкорлигимизни иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтаряпмиз. Кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва кенг кўламли шерикликни янада мустаҳкамлаш йўлидаги интилишимиз қатъий. Бунинг учун барча имконият ва ресурсларни ишга соламиз. Мақсадимиз – биродар халқларимизнинг кўп қиррали ҳамкорлигини аниқ мазмун билан бойитиш, – деди Шавкат Мирзиёев.

Икки мамлакат етакчилари стратегик шерикликни янада мустаҳкамлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикасининг Давлатлараро Олий Кенгаши, Парламентлараро ҳамкорлик кенгаши ва Ташқи ишлар вазирлари кенгашини таъсис этишга келишиб олдилар.

Музокаралар чоғида икки томонлама ҳамкорликнинг янги “ўсиш нуқталари”, устувор йўналишлари ва муҳим вазифалари белгилаб олинди.

Учинчи мамлакатлардан импорт қилинаётган маҳсулотлар ўрнини босиш орқали зарур маҳсулотларни ўзаро етказиб бериш номенклатураси ва ҳажмини салмоқли даражада кенгайтириш учун катта салоҳият мавжуд. Товар айирбошлаш миқдори жадал суръатда ошаётгани ҳам бунинг тасдиғидир.

Томонлар иқтисодиётнинг турли соҳаларида янги қўшма корхоналар ташкил этиш орқали ўзаро манфаатли шерикликни ривожлантириш муҳимлигини таъкидладилар. Инвестицияларни жалб қилиш, саноат кооперацияси, қишлоқ хўжалиги, транспорт ва логистика, энергетика, фармацевтика, қурилиш соҳалари устувор йўналишлар сифатида белгиланди.

Саноат кооперацияси бўйича аниқ лойиҳаларни амалга ошириш юзасидан келишувга эришилди. Машинасозлик, энергетика, электротехника, кимё, тўқимачилик ва бошқа тармоқларда муваффақиятли лойиҳалар кўп. Эндиликда қурилиш, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика ва бошқа устувор соҳаларда янги йирик лойиҳалар ишлаб чиқилмоқда.

Хусусан, куни кеча ишбилармон доиралар иштирокида ўтказилган тадбирларда умумий қиймати икки миллиард доллардан зиёд истиқболли инвестиция лойиҳалари тайёрланди.

Бу борадаги саъй-ҳаракатларга қўшимча суръат бағишлаш мақсадида саноат кооперацияси бўйича қўшма халқаро марказ ташкил этилади.

Ҳудудлараро алоқалар ҳамкорликни кенгайтиришда драйвер бўлиб хизмат қилмоқда. Жумладан, яқинда ўтган Ҳудудлар форуми натижасида қатор келишув ва савдо шартномалари имзоланди.

Икки мамлакатнинг чегараолди ҳудудларига ўзаро маҳсулот етказиб бериш ва янги кооперация лойиҳаларини ишлаб чиқишда янада яқиндан ҳамкорлик қилишга топшириқ берилди.

Транспорт соҳаси муҳим йўналиш сифатида белгилаб олинди. Автомобилда ва темир йўл орқали юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Мамлакатлар ўртасидаги авиақатновлар тўлиқ тикланди, янги йўналишлар очилди.

Ўзбекистон Президенти мамлакатларимиз ва учинчи давлатлар бозорларига чиқишни таъминлайдиган янги йўлакларни шакллантириш муҳим эканини қайд этди. Етакчилар “Учқудуқ – Қизилўрда” темир ва автомобиль йўлини ҳамда “Туркистон – Чимкент – Тошкент” юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган темир йўл қурилиши лойиҳаларини жадаллаштиришга келишиб олдилар.

Сув ресурсларидан оқилона фойдаланиш масалаларига ҳам тўхталиб ўтилди. Шу мақсадда ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг барқарор, узоқ муддатли механизмларини ишлаб чиқиш ва икки мамлакат ўртасида сув муносабатларининг барча йўналишларига оид таклифлар тайёрлаш бўйича Ишчи гуруҳ фаолиятини давом эттиришга келишиб олинди. Сув тежайдиган янги технологияларни жадал жорий этиш бўйича биргаликда амалий ишлаш, Оролбўйида дарахтзорлар барпо этиш борасида қўшма чора-тадбирларни амалга ошириш зарурлиги таъкидланди.

Томонлар Марказий Осиёда тинчлик ва барқарорликни таъминлаш мақсадида ўзаро манфаатлар ва минтақавий яқинлашув ғояларини илгари сурган ҳолда ташқи сиёсат соҳасида яқиндан ҳамкорлик қилиш истагини билдирдилар. Президентлар Марказий Осиё давлат раҳбарларининг Маслаҳат учрашувлари форматини иштирокчи давлатлар манфаатларига қатъий ҳурмат асосида мавжуд салоҳиятлардан максимал даражада тўлиқ фойдаланиш мақсадида такомиллаштириш йўлида иш олиб боришга келишиб олдилар.

Гуманитар алмашинувларни кенгайтириш, таълим, фан, соғлиқни сақлаш, маданият ва санъат, туризм ва спорт соҳаларидаги ҳамкорликни мустаҳкамлаш масалалари ҳам муҳокама қилинди.

Қозоғистон Президенти халқларимизнинг маънавий яқинлиги ва кўп асрлик дўстлиги рамзи сифатида Нур-Султон шаҳрида Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилишини таъкидлади.

Самарали музокаралардан сўнг ҳужжатларни имзолаш маросими бўлиб ўтди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жомарт Тоқаев Ўзбекистон Республикаси ва Қозоғистон Республикаси ўртасида иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларацияга имзо чекдилар. Ҳужжатда қардош халқларимизнинг ҳаётий муҳим ва узоқ муддатли миллий манфаатлари, кўп қиррали шериклик салоҳиятини тўлиқ рўёбга чиқариш мақсади ўз ифодасини топган.

Маросимда имзоланган яна бир муҳим ҳужжат яқин 5 йилда Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги товар айирбошлашни 10 миллиардга етказиш бўйича Амалий ҳаракатлар режасидир. Унда икки мамлакат тармоқлари ва ҳудудлари учун қулай шароитлар яратиш кўзда тутилган.

Давлат раҳбарлари ҳузурида ҳукуматлараро ва идоралараро ҳужжатлар имзоланди. Божхона, фавқулодда вазиятларни олдини олиш ва бартараф этиш, фазовий маконни тадқиқ этиш ва ундан тинч мақсадларда фойдаланиш соҳасига доир ҳамда “Марказий Осиё” саноат кооперацияси халқаро марказини ташкил этиш тўғрисидаги битимлар шулар жумласидан. Шунингдек, савдо, инвестициялар, энергетика, транспорт коммуникациялари, суд-экспертлик фаолияти, мудофаа, бандлик ва фан соҳаларида ҳамкорликни янада кенгайтириш бўйича тегишли ҳужжатларга имзо чекилди.

Тошкент ва Туркистон вилоятлари, Тошкент ва Нур-Султон шаҳарлари, Навоий ва Қизилўрда вилоятлари ҳокимликлари ўртасида ҳамкорликни кенгайтириш бўйича 2022-2023 йилларга мўлжалланган “йўл харита”лари қабул қилинди.

Умуман, кўп қиррали Ўзбекистон – Қозоғистон ҳамкорлигининг деярли барча йўналишларини қамраб олган 22 та ҳужжат имзоланди.

Давлат ташрифининг асосий тадбирларидан сўнг ОАВ вакиллари учун брифинг ўтказилди.

Президентлар ҳар доимгидек очиқ, ишончли ва ишчан муҳитда ўтган музокаралар натижаларидан мамнунлигини билдирдилар.

Хусусан, музокараларда Ўзбекистон билан Қозоғистон ўртасидаги кўп қиррали, ўзаро манфаатли ҳамкорликни икки томонлама ва минтақа кун тартибидаги барча йўналишларда янада ривожлантириш масалалари батафсил кўриб чиқилди.

Шавкат Мирзиёев ўз баёноти аввалида Қозоғистон халқини мустақилликнинг 30 йиллиги билан яна бир бор табриклади.

Кейинги йилларда дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шерикликка асосланган Ўзбекистон – Қозоғистон муносабатларида улкан ўзгаришлар рўй бераётгани таъкидланди.

Ўзбекистон етакчиси бугун тарихий қарор қабул қилиниб, икки томонлама ҳамкорлик иттифоқчилик муносабатлари даражасига кўтарилгани, бу биродар халқларимизнинг узоқ муддатли манфаатларидан келиб чиқиб, уларга тўлиқ мос эканини қайд этди.

– Ўзбекистон ва Қозоғистон ҳамкорлиги замирида бир-биримизни тўлдириб туриш борасидаги улкан салоҳиятдан фойдаланишга интилиш ҳам мавжуд. Биз саъй-ҳаракатларимизни бирлаштириш ва янги ўсиш нуқталарини излаш ниятидамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Икки томонлама ҳамкорликнинг устувор йўналиши – савдо-иқтисодий ҳамкорликда эришилаётган натижалар мамнуният билан қайд этилди.

Қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини етказиб беришни кенгайтириш мақсадида томонлар агрокластерлар, улгуржи-тақсимлаш ва логистика марказларини ташкил этишга, “Агроэкспресс” лойиҳасини илгари суришга келишиб олганликлари кўрсатиб ўтилди.

Ўзбекистонда саноат, энергетика, кимё, қурилиш, банк ва бошқа соҳаларда қўшма лойиҳалар амалга оширилмоқда. Ташриф арафасида ўтказилган ишбилармонлик тадбирлари якунида қиймати 6 миллиард долларга яқин бўлган янги инвестиция ва савдо келишувлари имзоланди.

– Бундай кўрсаткичлар аввал бўлмаган. Қолаверса, барчаси қатъий келишувлар, улар истиқболга яхши замин яратади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Томонлар “яшил” энергетика лойиҳаларини фаол илгари суришга, энг янги сув тежайдиган технологияларни жорий қилиш, Оролбўйида дарахтзорлар яратиш борасида биргаликда ишлаш ва халқаро донорлар билан ҳамкорлик қилишга келишиб олдилар.

Брифингда маданият, фан ва таълим, соғлиқни сақлаш ва туризм соҳаларида эришилган келишувлар ҳам қайд этилди.

– Бугунги мураккаб ва зиддиятли замонда одамлар онги ва қалбига, айниқса, ёш авлодга ижобий таъсир кўрсатувчи маданият ва маънавиятнинг аҳамияти ортиб бормоқда, – деди Шавкат Мирзиёев.

Шу муносабат билан музокараларда Қозоғистонда Ўзбекистон йили ва Ўзбекистонда Қозоғистон йили тадбирларини мунтазам равишда ўтказиб бориш юзасидан келишувга эришилди. Келгуси йилда юртимизда биринчи Ёшлар конгресси ҳамда Ижодий ва илмий зиёлилар форуми ташкил этиладиган бўлди.

Қайд этилганидек, Ўзбекистонда саккиз юз мингдан зиёд қозоқ миллатига мансуб фуқаролар истиқомат қилмоқда. Улар миллий маданияти, тили ва анъаналарини ривожлантириши учун барча шароит яратилган. Тўрт юзга яқин мактабда ўқитиш қозоқ тилида олиб борилмоқда.

Мана ўттиз йилдирки, Ўзбекистонда Қозоқ миллий маданият маркази ва унинг саккизта ҳудудий бўлинмалари фаол ишлаб турибди.

– Қозоқ юртдошларимиз орасида Ўзбекистон Қаҳрамони юксак унвонига ва бошқа давлат мукофотларига сазовор бўлганлар, сенатор ва депутатлар, вазир ва генераллар, йирик корхоналар раҳбарлари борлигидан фахрланамиз, – деди Шавкат Мирзиёев.

Давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасида дипломатик муносабатлар ўрнатилганининг ўттиз йиллигини келгуси йилда кенг нишонлаш мақсадида тегишли дастур қабул қилишга келишиб олдилар.

Минтақавий ва халқаро майдондаги ҳамкорлик масалаларига тўхталар экан, Ўзбекистон етакчиси Марказий Осиё давлатлари раҳбарларининг Маслаҳат учрашувидек самарали платформани яратишга муваффақ бўлингани, унинг доирасида умумий уйимизни комплекс ривожлантириш йўллари белгиланаётганини алоҳида қайд этди.

Музокараларда минтақамизда хавфсизлик ва барқарорликка таҳдидларга, энг аввало қўшни Афғонистондаги вазиятдан келиб чиққан ҳолда қарши курашиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди. Бу борада Ўзбекистон ва Қозоғистон позициялари тўлиқ мос экани тасдиқланди.

Мамлакатимиз Қозоғистоннинг Осиёда ҳамкорлик ва ишонч чоралари бўйича кенгаш ҳамда Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлигига раислиги доирасидаги ташаббусларни қўллаб-қувватлайди. Қозоғистон эса Ўзбекистоннинг Шанхай ҳамкорлик ташкилоти ва Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотига раислиги доирасидаги фаолиятини қўллаб-қувватлайди.

– Ушбу ташриф доирасида салмоқли ҳужжатлар тўпламини имзоладик. Ишончимиз ва шериклигимиз жуда юксак даражага чиққанидан, биргаликда ҳаракат қилиб, ҳар томонлама кўмакдош бўлишга тайёр эканимиздан далолат берувчи Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация улар орасида энг асосийси. Биз икки қардош халқларнинг равнақи йўлида кўп асрлик дўстлик, яхши қўшничилик ва кенг кўламли ҳамкорликни мустаҳкамлашнинг қатъий тарафдоримиз, – деди Ўзбекистон Президенти.

Президент Қосим-Жомарт Тоқаев ҳам кенг доирадаги масалалар юзасидан фикр алмашилган музокаралар якунидан мамнунлигини билдирди.

Давлатимиз раҳбари Қозоғистон Президентини ўзига қулай вақтда ташриф билан Ўзбекистонга келишга таклиф қилди.

Олий даражадаги музокаралардан сўнг Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти – Элбоши Нурсултон Назарбоев билан учрашди.

Суҳбат аввалида давлатимиз раҳбари Элбошини мустақил Қозоғистон асосчисининг улкан хизматлари эътирофи сифатида декабрь ойининг биринчи санасида нишонланадиган байрам – Биринчи Президент куни билан самимий қутлади.

Мамлакатимиз етакчиси Нурсултон Назарбоевнинг чуқур ўйланган сиёсати туфайли биродар Қозоғистон халқи ижтимоий-сиёсий ва социал-иқтисодий ҳаётнинг барча соҳаларида юксак муваффақиятларга эришганини таъкидлади.

Президентимиз Ўзбекистон ва Қозоғистон ўртасидаги стратегик шериклик ривожига Элбошининг шахсий ҳиссасини юқори баҳолади. Бугун Иттифоқчилик муносабатлари тўғрисидаги декларация имзолангани мулоқотларни фаоллаштириш жараёнининг мантиқий давоми бўлди.

Учрашувда икки томонлама ва минтақавий ҳамкорлик масалалари муҳокама қилинди. Марказий Осиё маконида сиёсий мулоқот фаоллашгани, Маслаҳат учрашувлари механизми йўлга қўйилгани, дўстлик ва ишонч муҳити шакллангани таъкидланди.

Нурсултон Назарбоев бу галги давлат ташрифи мамлакатларимиз ўртасидаги стратегик шериклик ва иттифоқчиликни мустаҳкамлашда муҳим аҳамият касб этишини қайд этди.

Сўнг Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикасининг Биринчи Президенти музейига ташриф буюрди.

Бу ерда Назарбоевнинг иш хоналари асл ҳолича сақлаб қолинган. Йиғилишлар ва журналистлар билан учрашувлар ўтказилган мажлислар залида замонавий Қозоғистоннинг тараққиёт йўлига бағишланган экспозиция жойлашган. Кўплаб экспонатлар Қозоғистоннинг хорижий ҳамкорлар билан ташқи сиёсий алоқаларидан сўзлайди.

Давлатимиз раҳбари музей билан танишиб, Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирди.

Ўзбекистон Президентининг давлат ташрифи доирасида Нур-Султон шаҳрида мамлакатимиз элчихонаси янги биносининг очилиш маросими бўлди.

Президент Шавкат Мирзиёев ва Президент Қосим-Жомарт Тоқаев рамзий боғични кесиб, янги бинони тантанали равишда очдилар.

Икки мамлакатнинг давлат мадҳиялари янгради.

Президентлар элчихонада яратилган шароитлар билан танишди.

Замонавий бино юртимиз қурувчилари томонидан барпо этилган. Хоналар миллий услубда безатилган.

Дипломатик ваколатхона ҳудудида асосий бино, консуллик бўлими, ходимлар учун уй, дипломатик миссия раҳбарининг қароргоҳи, болалар ва спорт майдончалари жойлашган.

Музокара хоналари, анжуманлар залида барча шароит мавжуд. Элчихонанинг ўз кутубхонаси ҳам бор.

Иш жараёнларини самарали ташкил этишга алоҳида эътибор қаратилган, ахборот технологиялари кенг жорий қилинган. Бу ердаги интерфаол ускуналар музокараларни онлайн шаклда ўтказиш имконини беради. Консуллик фаолияти учун “электрон навбат” тизими ўрнатилган, бу ерга келувчилар маълумотларни интерфаол тарзда олиш имкониятига эга.

Алоҳида эҳтиёжли одамлар учун ҳам зарур шароитлар яратилган.

Бир сўз билан айтганда, янги элчихона биносида барчаси иш сифати ва самараси юқори бўлишига, қардош мамлакат билан шерикликни янада кенгайтиришга қаратилган.

Шавкат Мирзиёев ва Қосим-Жомарт Тоқаев элчихонанинг Фахрий меҳмонлар китобида қайд ёзиб қолдирдилар.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Бош вазири Асқар Мамин ҳамроҳлигида Нур-Султон шаҳридаги EXPO ишбилармонлик марказида жойлашган Рақамли ҳукумат офисига ташриф буюрди.

Ушбу муассаса жорий йил сентябрь ойида очилган. Унинг таркибига Миллий таҳлил маркази, Рақамли трансформация маркази ва Миллий лойиҳа офиси киради.

Давлатимиз раҳбари ситуацион марказ имкониятлари билан ҳам танишди. Марказ барча маълумотлар базаларига уланади ва ҳудудлар билан яқиндан ҳамкорлик қилади, бу эса реал вазиятни онлайн равишда кўриш, масалан, мамлакатда эмлаш суръатлари тўғрисидаги маълумотларни кузатиб бориш имконини беради.

Ички ва ташқи савдо бўйича таҳлилий платформа имкониятлари намойиш қилинди. Унинг ёрдамида озиқ-овқат нархларини онлайн равишда мониторинг қилиш ва нарх-навонинг прогноз кўрсаткичларини шакллантириш мумкин. Бундан ташқари, офис негизида инновациялар ва аэрокосмик саноат соҳаларидаги лойиҳалар ишга туширилади.

Офис мутасаддиси Ўзбекистонда инсон капиталини ривожлантириш, IT-парклар ташкил этиш, дастурчилар тайёрлаш, давлат хизматларини онлайн кўрсатиш бўйича қилинаётган ишларни эътироф этиб, Қозоғистон ҳам шу йўлдан бораётганини айтди.

Давлатимиз раҳбари бу соҳада тажриба алмашиш, давлат хизматлари соҳасига сунъий интеллект технологияларини кенг жорий этиш, ҳар бир ҳаётий вазиятни таҳлил қилиб, одамларга қулайлик яратиш муҳимлигини таъкидлади.

Шу билан Президент Шавкат Мирзиёевнинг Қозоғистонга давлат ташрифи якунланди.

ЎзА