Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 муҳим ташаббус ижроси доирасида ўтказилган кўрик-танловлар ва спорт мусобақалари ғолибларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши Раиси ўринбосари М.Жуманов ва бошқалар сўзга чиқиб, давлатимиз раҳбари ташаббуси билан мамлакатимизда истеъдодли ёшларни қўллаб-қувватлаш, уларнинг иқтидорини рўёбга чиқариш, илмий-тадқиқот ва инновацион фаолиятини самарали йўлга қўйиш учун қўшимча шарт-шароитлар яратиш борасида амалга оширилаётган кенг кўламли ишларга тўхталди.

Таъкидланганидек, ёшларни адабиёт, санъат, маданият, спорт ва ахборот технологиялари йўналишига ҳамда китоб ўқишга қизиқишини орттиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бу борада Оролбўйида амалга оширилаётган ишлар ўзининг ижобий самарасини бериб, сўнгги беш йилда мактаб битирувчиларининг олий ўқув юртларига кириш кўрсаткичи 2 баробарга ортди.

Умумтаълим мактабларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2017-2021 йилларда Давлат дастурлари асосида жами 641 та умумтаълим мактабида 306,9 миллиард сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари амалга оширилди. Натижада ушбу даврда янгидан 23 та умумтаълим мактаби ташкил этилди. Шунингдек, 282 та умумтаълим мактабига 74,9 миллиард сўмлик зарур жиҳозлар етказиб берилди. Нукус шаҳрида Президент мактаби, И.Юсупов номидаги ижод мактаби, 8 та математика, 2 та физика, 4 та кимё-биология, 8 та ахборот-коммуникация технологиялари, хорижий тилларга ихтисослаштирилган 17 та давлат умумтаълим мактаби фаолият олиб бормоқда.

Ушбу ишлар давом эттирилиб, келгуси 5 йилда таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш мақсадида 2022–2026 йилларда жами 275 тасида 2,4 триллион сўмлик қурилиш-таъмирлаш ишлари режалаштирилган. Шунингдек, 377 та умумтаълим мактаби 240,5 миллиард сўмлик жиҳозлар билан таъминланади. Бундан ташқари, 59 та умумтаълим мактабида замонавий спорт зали қурилади.

Шу йиллар мобайнида 9 та математика ва физика, 4 та кимё-биология, 9 та ахборот-коммуникация технологиялари фанларига ихтисослаштирилган мактаб, Чимбой, Қўнғирот, Беруний туманларида ва Нукус шаҳрида 4 та STEAM йўналишидаги фанларга ихтисослаштирилган мактаб-интернат, 470 та умумтаълим мактабида вариатив синфлар ташкил этилади.

Тадбирда 5 та муҳим ташаббус доирасида ўтказилган кўрик-танловлар ва спорт мусобақаларида ғолиб бўлган ёшларга ташкилотчилар томонидан диплом ҳамда эсдалик совғалари топширилди.

Тадбир иштирокчиларига концерт дастури намойиш этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА