Фотофакт

Қорақалпоқ халқининг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ўтов – қора уй ҳисобланади. Қора уй ўзининг қурилиши, кўриниши билан бошқа халқлар ўтовидан ажралиб туради.

Бугунда қора уйлардан ҳудуд туристик салоҳиятини оширишда кенг фойдаланилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикаси тарихи ва маданияти давлат музейида, И.Савицкий номидаги Қорақалпоқ давлат санъат музейида қорақалпоқ ўтовига барча буюм ва ускуналари билан махсус ўрин ажратилган. Шунингдек, Аёзқалъа, Тупроққалъа каби қатор тарихий ёдгорликлар ва Орол денгизи бўйларида ҳам ўтовлар тикилган.

Ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлайдиган усталарни “уйчи” дейишади. Бу касб уларга ота мерос.

Мутахассисларнинг таъкидлашича, қора уйни ҳар қандай ёғочдан ҳам ясаб бўлмайди. У чидамли, эгилувчан толдан ишланади. Сабаби, кўчманчилар турмушига хос бундай бошпаналарни тикиш ва йиғиш тез-тез такрорланиб турган. Табиийки, бунинг учун синмайдиган, мустаҳкам ёғоч зарур.

Қора уй 3 босқичда ишланади – дастлабки босқич кереге (ёғоч панжара), ундан сўнг шанироқ (қора уйнинг том қисми), сўнгги босқич увиқ (тиргак), деб юритилади. Шанироқ – қора уйнинг энг муҳим қисми бўлиб, у гумбазсимон доирадан иборат. Шанироқнинг ўртасига эгилиб ишланган икки қаторли ярим доира ёғоч “тўғин” дейилади. Айнан ушбу тўғин қора уйни бошқа халқлар ўтовидан ажратиб туради. Қора уйнинг яна бир қисми эрганак, яъни, эшик деб аталади. Уни бошқа уста ишлайди. Эрганак ўйма нақшлар билан безалади ва қизил рангга бўялади.

Қора уйнинг 6, 8, 12 қанотли турлари бор. 5 қанотли уйлар кам учрайди. Одатда, 6 қанот уйлар ёш оилалар учун махсус тикилган. 8 қанотли уйлар эса оиладагилар сони кўпайганидан сўнг тикилган.

Энг йирик – 12 қанотли уй қишлоқ ташқарисидаги “Маслаҳат тепа”га тикилиб, унда оғалар, яъни бийлар ва беклар эл-юрт тақдири билан боғлиқ муҳим масалаларни ҳал қилиш учун йиғилган. Қора уй безак буюмларининг барчаси қўлда ишланган, яъни ўрмакда тўқилган. Кигиз асосан қўй, арқон эса туя жунидан тайёрланган.

Қора уйга нақшли безакларига қараб оқ ўтов, бўз ўтов, деб таъриф берилган. Қора уйнинг ўртасида тўрт қиррали ўчоқ ўрнатилиб, тутуни уй туйнугидан чиқиб кетади. Уй ичида қаршин – кўрпа-тўшак остига қўйиладиган ва ичига нарса солинадиган буюм қўйилади.

Ўтовнинг ўнг томонида ёшига қараб эркаклар, сўл томонида хотин-қизлар ўтиради. Ўнг томон муқаддас ҳисобланган ва эркаклар ўтирган ўринни хотин-қизлар босиши қатъий тақиқланган. Қора уйнинг эшиги паст бўлгани учун ичкарига энгашиб кирилади. Бу уйга таъзим қилиб кириш зарурлигини англатган.

Ҳозирда Қорақалпоғистон Республикасининг Чимбой туманида 20 дан зиёд уйчи – ўтов тикловчилар фаолият кўрсатмоқда. Улар мамлакатимизда яратилган имтиёз ва имкониятлардан фойдаланиб, ҳудудда туризмни ривожлантиришга ҳисса қўшмоқда.

– Сўнгги йилларда халқимизнинг ўзига хос миллий қадриятларидан бири ҳисобланган қора уйга бўлган қизиқиш катта, – дейди чимбойлик тажрибали уста Ободбой Тожиқулов. – 1976 йилдан буён ўтов тиклашда ишлатиладиган ашёлар тайёрлаш билан шуғулланиб келаман. Яқин кунлари Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси ҳамда Германия халқаро ҳамкорлик ташкилоти ёрдамида бизнинг туманимиз марказидаги қора уй ясаш устахонасида қайта таъмирлаш ва қурилиш ишлари олиб борилиши режалаштирилган. Албатта, бундан жуда мамнунмиз.

Ҳозирда бу ерда ишлаб чиқарилаётган қора уйлар нафақат мамлакатимиз вилоятларига етказиб берилмоқда, балки Бирлашган Араб Амирликлари, Россия Федерацияси, Қозоғистон каби мамлакатларга экспорт қилинмоқда.

 

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА