Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитасида “Оролнинг яшил денгизи” ҳужжатли филмининг тақдимоти бўлиб ўтди.

Бу ҳақда қўмита матбуот хизмати маълум қилмоқда.

Орол муаммоси амалда умумсайёравий экологик хусусиятга эга эканлигини инобатга олиб тақдимотда иштирок етиш ва уни ҳал этиш йўлларини муҳокама қилиш учун Ўзбекистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси, Экология бошқармаси, Ўзбекистон “Оролни қутқариш” жамғармаси раҳбарлари ва етакчи мутахассислари, миллий маданият марказлар раислари ва фаоллари, оммавий ахборот воситалари вакиллари таклиф этилди.

Қўмита раиси Рустамбек Қурбонов ўз нутқида “Славутич” Республика украин маданият маркази фаолиятига тўхталиши билан бирга Президент Шавкат Мирзиёев ташаббуси билан Орол денгизи экологик ҳалокати оқибатлари БМТ Бош Aссамблеяси муҳокамасига кўтарилганини алоҳида таъкидлаб ўтди. Натижада Оролни қутқариш учун халқаро махсус траст фонди ташкил этилди. Мамлакатимиз раҳбарининг таклифига биноан БМТ Бош котиби Aнтониу Гуттериш Орол фожиасини шахсан кўриш учун Ўзбекистонга бир неча бор келгани қайд этилди.

Фильм намойишидан сўнг қишлоқ хўжалиги фанлари доктори, профессор, “Славутич” Республика украин маркази раиси ўринбосари Зиновий Новицкий Ўрмон тубининг мелиоратив ҳолатини яхшилаш бўйича Давлат дастурини амалга ошириш юзасидан бажарилган ишлар тўғрисида маъруза қилди.

Ёш авлоднинг экологик тарбиясини мактабгача таълим муассасасидан бошлаб мақсадли ва тизимли олиб бориш, бунинг учун ёрқин ва тушунарли филмлар, болалар учун китоблар, маърифий экологик журналлар чиқаришни ташкил этиш учун манфаатдор ташкилотларга таклифлар киритилди.

 

  Н.Усмонова,

  ЎзА мухбири