Мамлакатимизда ишлаб чиқариш ва саноатни ривожлантиришга катта эътибор берилмоқда. Айниқса, ҳар бир соҳада жуда муҳим бўлган, энг кўп фойдаланиладиган маҳсулотларни ўзимизда ишлаб чиқаришга катта эътибор қаратилмоқда.

Қорақалпоғистон Республикасида тиббий буюмлар, яъни, шприц ва инфузион система ишлаб чиқарадиган қўшма корхона фаолият бошлади. Эътиборлиси, корхона маҳсулотлари экспортга ҳам чиқарилмоқда.

Илгари тиббиётда фойдаланиладиган оддий бир марталик шприцлар қўшни вилоятлардан келтирилган бўлса, эндиликда ушбу тиббиёт буюмлари ўзимизда маҳаллий тадбиркорлар томонидан ишлаб чиқарилмоқда. Нукус шаҳридаги “НУКУС МЕДТЕХ” масъулияти чекланган жамияти асосида қўшма корхона айни йўналишдаги энг йирик лойиҳаларнинг бири ҳисобланади.

Йилига 250 миллион дона бир марталик фойдаланиладиган тиббий буюмлар, жумладан, уч турдаги шприц ва инфузион система ишлаб чиқарадиган қўшма корхона 24 соат давомида тўхтовсиз ишлайди. Ҳозирда кунига 800 минг дона маҳсулот тайёрлайдиган корхонада 230 нафар киши доимий иш билан таъминланган. Бу ерда дунёнинг илғор давлатлари Хитой ва Кореяда ишлаб чиқарилган ускуналар ўрнатилган бўлиб, бу заводнинг узлуксиз ва тўхтовсиз фаолият юритишида, энг асосийси сифатли маҳсулот чиқаришда муҳим аҳамият касб этади.

Бу ерда ички маҳаллий бозорни зарур тиббий маҳсулотлар билан таъминлаш билан бирга, ишлаб чиқарилаётган маҳсулотлар Афғонистон, Арманистон давлатларига экспорт қилинмоқда.

Давлатимиз раҳбарининг жорий йил 23 ноябрдаги “Оролбўйи минтақасида тадбиркорликни жадал ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони Оролбўйи минтақасида тадбиркорлик фаолиятини қўллаб-қувватлаш, ҳудудга инвестицияларни жалб қилиш учун қулай шароитлар яратишда яна бир муҳим қадам бўлди.

Албатта, тадбиркорлар томонидан жойларда ишлаб чиқариш қувватларининг ортиши жаҳон бозорида рақобатбардош маҳсулотлар ишлаб чиқаришни рағбатлантириш, ички бозорларни сифатли, арзон маҳсулотлар билан тўлдириш, энг муҳими, аҳоли бандлигини таъминлашга хизмат қилади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА