Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши давом этмоқда.

Йиғилишда қайд этилганидек, 500 минг гектардан зиёд томорқалардан самарали фойдаланиш учун келгуси йил 100 миллион доллар ажратилади.

Томорқада деҳқончиликни йўлга қўйиш учун оилавий тадбиркорлик дастури шартлари асосида имтиёзли кредитлар берилади.

Самарали фаолият юритаётган томорқа хизмати корхоналари негизида 35 та томорқа хизмати кластери ташкил этилади.

Уларда кўчатчилик иссиқхонаси, кичик техника парки, совуткичли омборхона, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш цехи, инкубатор, ем ишлаб чиқариш каби хизматлар жамланади.

Масалан, Шароф Рашидов тумани “Гулчи опа томорқа хизмати” раҳбари Шарофат Нориева 150 та хонадонга гул кўчати, товуқ, қорамол ва эчки тарқатиб, тайёр маҳсулотни сотиб олишни йўлга қўйган. Натижада ҳар бир томорқа эгаси 300 миллион сўмгача даромад олган.

Томорқада етиштирилган маҳсулотларни кафолатли харид қилиш мақсадида ҳар бир туманда кооперациялар ташкил этилади. Уларга омборхоналарни жиҳозлаш, қуритиш, саралаш ва қадоқлаш ускуналари харид қилиш учун 30 фоизгача субсидия берилади.

Томорқа хизмати корхоналарига уруғлик, кўчат, мини техника харид қилиши ҳамда айланма маблағ учун, ҳоким ёрдамчилари кафиллиги асосида 300 миллион сўмгача гаровсиз кредит берилади.

Сув таъминоти оғир томорқа ерлари ва фойдаланишдан чиққан майдонларни суғориш харажатларининг бир қисмини бюджетдан қоплаш тартиби 2026 йил 1 январга қадар узайтирилади.

 

ЎзА