Президентимиз раислигида қишлоқ хўжалиги ерларини ижарага бериш, мева-сабзавотчилик кластерлари ҳамда томорқа хўжаликлари фаолиятини янада ривожлантириш борасидаги устувор вазифаларга бағишланган видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтмоқда.

Қайд этилганидек, пахта-тўқимачилик ва ғалла кластерлари фаолияти билан боғлиқ қабул қилинган қарорлар билан ушбу йўналишга доир барча масалалар ечиб берилди.

Натижада жорий йилда тўқимачилик саноати корхоналари экспортини 3 миллиард доллардан, келгуси беш йилда эса ушбу кўрсаткични 7 миллиард доллардан ошириш режалаштирилган.

Мева-сабзавотчилик экспортини бугунги кундаги 1,2 миллиард доллардан камида 5 миллиард долларга кўпайтириш бўйича барча имкониятлар бор.

Бу борада Асака, Ангор, Денов, Жомбой, Самарқанд, Олтиариқ, Қува, Юқори Чирчиқ, Янгиқўрғон туманларида мева-сабзавотчилик кластерлари фаолияти йўлга қўйилиб, улар 25-30 миллион доллардан маҳсулот экспорт қилмоқда.

Йиғилишда 25 та туманда экспорт 1 миллион доллардан ошмагани, мева-сабзавотга ихтисослашган 8 та туманда кластерлар ташкил этилмагани танқид қилинди.

Келгуси йилда пахта ва ғалладан бўшаган 80 минг гектар ер аҳолига бўлиб берилади. Бундан ташқари, 70 минг гектар ерлар “оборот”га қайтарилади.

Мева-сабзавот кластерлари, деҳқон хўжаликлари ва томорқани ривожлантириш, уларни молиялаштириш, агрохизматлар кўламини кенгайтириш бўйича мутлақо янги тизим жорий этилади.

 

ЎзА