Президент Шавкат Мирзиёев 23 ноябрь куни Тошкент шаҳар Шайхонтоҳур туманида амалга оширилаётган бунёдкорлик ишлари билан танишди, аҳоли билан мулоқот қилди.

Шавкат Мирзиёев дастлаб тумандаги Сархумдон маҳалласига борди.

Вазирлик ва идораларни қуйи бўғинга тушириб, жойлардаги муаммоларни ҳал этиш, барча дастурларни маҳаллабай амалга ошириш – давлатимиз раҳбарининг энг асосий талаби.

Сархумдон маҳалласида ҳам иш шундай ташкил этилган. Ички йўллар, майдончалар обод қилинган. Яқинда бу ерда янги Маҳалла гузари қурилди. Савдо ва маиший хизмат шохобчалари, болалар ўйингоҳи, ҳарбий ватанпарварлик майдончаси ташкил этилди.

Маҳаллада 6 минг 500 нафардан ортиқ аҳоли яшайди. Бу ердаги 45 та кўп қаватли уй ўтган асрнинг 70-йилларида қурилган бўлиб, шундан буён кенг кўламда таъмирланмаган эди. Сўнгги йилларда мазкур уйларнинг том ва фасад қисми, кириш йўлаклари мукаммал таъмирланди.

Ҳудудда 360 ўринли мактабгача таълим муассасаси ва 600 ўринли хусусий мактаб бор. Ўндан ортиқ кичик бизнес корхонасида маҳаллий ёшлар ва аёллар ишламоқда.

Президентимиз маҳалладаги шароитларни кўрди. Ҳарбий ватанпарварлик майдончаси билан танишув чоғида бу ерга аскар ва спортчиларни жалб этиб, ёшларни миллий ғурур ва мардлик руҳида тарбиялаш юзасидан тавсиялар берилди.

Маҳаллада «Яшил макон» лойиҳаси доирасида кўчатлар экилиб, мўъжаз боғ барпо этилган. Шавкат Мирзиёев маҳалла оқсоқоллари билан бирга ушбу боққа кўчатлар ўтқазди. Нуронийлар юртимизга ҳамиша тинчлик, халқимизга фаровонлик тилаб дуо қилди.

Давлатимиз раҳбари кутилмаганда Гулобод маҳалласига ҳам ўтиб, мавжуд ҳолатни кўздан кечирди, одамлар билан суҳбатлашди.

93 ёшли Анвархўжа ота Президентимизни дуо қилди. Маҳалладаги ўзгаришларни таъкидлаб, оталар чойхонаси қуриб беришни сўради. Шавкат Мирзиёев бу таклифни қўллаб-қувватлаб, отахонга мустаҳкам соғлиқ тилади.

Гулобод маҳалласида Шайхонтоҳур тумани Болалар ва ўсмирлар спорт мактаби ҳамда 41-умумтаълим мактаби жойлашган. Президентимиз мазкур мактабларни ҳам кириб кўрди, ўқитувчилар билан гаплашди.

– Кўраяпсизлар, таълим билан муаллимга шароит яратишга ҳаракат қилаяпмиз. Бугун бу ерга келиб, ўзимга кўп хулоса қилдим. Бу мактаб биносини ҳам янгилаймиз. Фанлар учун, спорт учун яхши шароитлар бўлади. Бугун бир тарихий кун бўлиб қолади, – деди Шавкат Мирзиёев.

Президентимиз 41-умумтаълим мактаби ошхонаси таомномасини кўздан кечирди. Мактаб ошхоналарида сифатли, тўйимли, баланслаштирилган таомнома бўлиши учун кейтеринг хизматини аутсорсинг асосида ташкил қилиш борасида пухта лойиҳа тайёрлаш бўйича мутасаддиларга кўрсатма берди.

Мактаб ҳудудини кўкаламзорлаштириш, дарахт кўчатларини экиш ва энг асосийси, ўқувчиларнинг бу борадаги кўникмаларини болалигиданоқ шакллантириб бориш зарурлиги қайд этилди.

Президент маҳаллалар аҳолиси билан мулоқот қилди.

Шундан сўнг давлатимиз раҳбари тумандаги Марказий кўп тармоқли поликлиникани бориб кўрди.

Ушбу шифо маскани 1994 йилда қурилган, 2017 йилда реконструкция қилинган. Бу ерда терапия, неврология, кардиология, ревматология, аллергология, педиатрия, жарроҳлик каби бўлимлар, ташхис ускуналари мавжуд.

Марказий поликлиника ва унинг таркибидаги 9 та оилавий поликлиникада туманнинг 51 та маҳалласида яшовчи 346 минг нафар аҳолига хизмат кўрсатилмоқда.

Президентимиз ушбу поликлиникалар негизида тиббиёт кластери ташкил этиш бўйича кўрсатма берди.

– Замон талаби шундай: хусусий тиббиёт ривожланиб бораверади. Аҳолининг бир қисми хусусий клиникаларга боради. Лекин давлат барча аҳолини сифатли тиббиёт билан қамраб олиши керак. Шунинг учун бу ерни кластерга айлантириб, даволашни манзилли йўлга қўйиш, самарадорлиги ва қамровини ошириш зарур. Одамлар тиббиётда адолатни сезиши керак, – деди Президент.

Мутасаддиларга бу борада топшириқлар берилди.

Шавкат Мирзиёев Шайхонтоҳур тумани Олим Хўжаев номидаги маҳаллада ҳам бўлди. Бу ерда ўтган асрнинг 60-йилларида қурилган икки қаватли уйларни реновация дастури асосида янгилаш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига бу борадаги лойиҳа ҳақида маълумот берилди. Президентимиз маҳалладаги нуронийлар, хонадон эгалари билан суҳбатлашди.

Президент тумандаги “Реал Текс Ташкент” масъулияти чекланган жамияти фаолияти билан ҳам танишди.

Қиймати 50 миллион доллар бўлган мазкур корхона шу йил май ойида ишга туширилган. Замонавий ускуналар ўрнатилиб, ип-калава, мато ва тайёр тўқимачилик товарлари ишлаб чиқариш, бўяш ва гул босиш йўлга қўйилган. Ўтган қисқа вақт мобайнида 390 миллиард сўмлик маҳсулот тайёрланиб, 19 миллион долларлик экспорт қилинган.

Корхона йилига 22 минг тонна ип-калава, қарийб 6 миллион погон метр мато тайёрлаш қувватига эга. Бу ерда 1 минг 800 киши иш билан таъминланган.

Давлатимиз раҳбари корхона маҳсулотларини кўздан кечирди. Мутасаддиларга қайта ишлашнинг кейинги босқичларини ўзлаштириб, маҳсулот турлари ва экспорт географиясини кенгайтириш бўйича кўрсатмалар берди.

Шу ерда Тошкент шаҳри ва туманлар ҳокимлари, сектор раҳбарлари, маҳалла раислари иштирокида йиғилиш бўлди. Йиғилишда янги тизим асосида маҳаллаларда туман ҳокими ёрдамчиси ҳамда Тошкент шаҳар ҳокимининг ёрдамчиси – ёшлар етакчиси лавозимларини жорий этиш масаласига алоҳида эътибор қаратилди.

– Дунёда бундай тажриба ҳам, китоб ҳам йўқ. Бунинг учун, аввало, фидойи бўлиш, халқни севиш керак. Бу икки лавозимда ишлайдиганлар маҳаллада ислоҳотлар пойдевори бўлади. Улар тадбиркорликни ривожлантириш, ишсизликни камайтириш, ёшларни қўллаб-қувватлаш бўйича давлат сиёсатини амалга оширади. Ушбу вазифа катта масъулият ва шарафдир, – деди Президент.

Шайхонтоҳур тумани бўйича янги тайинланган ҳоким ёрдамчилари ва ёшлар етакчилари сўзга чиқиб, маҳаллалардаги муаммолар, уларни ҳал этиш борасидаги таклифларини айтди. Давлатимиз раҳбари уларни қўллаб-қувватлаб, мутасаддиларга кўрсатмалар берди.

 

Авазбек ХУДОЙҚУЛОВ,

Зиёдулла ЖОНИБЕКОВ,

ЎзА мухбирлари