18 ноябрь куни Тошкент шаҳрида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлиси ўз ишини бошлади.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган мажлисда ҳукумат аъзолари ва идоралар раҳбарлари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари, шунингдек, оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Ялпи мажлисни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи Мажлис Олий Мажлис Сенати расмий веб-сайти ва ижтимоий тармоқлардаги саҳифаларида жонли эфирда узатилди.

Дастлаб сенаторлар томонидан Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази директорининг Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларнинг бажарилиш ҳолати ҳақидаги ахбороти эшитилди.

Мажлисда ўтган икки йил мобайнида Ўзбекистон инсон ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш борасида салмоқли ютуқларга эришгани таъкидланди. Жумладан, Ўзбекистон Республикасининг миллий қонунчилиги ва ҳуқуқий амалиётни инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларга мослаштириш мақсадида Халқаро меҳнат ташкилотининг “Меҳнат хавфсизлиги ва гигиенасига кўмаклашувчи асослар тўғрисида”ги конвенцияси ва БМТнинг “Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисида”ги конвенцияси ратификация қилинди.

Бундан ташқари, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро мажбуриятларни бажариш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинганини таъкидладилар.

Ушбу ҳужжатда қийноқларни аниқлаш ва уларнинг олдини олиш юзасидан жамоат гуруҳларини ташкил этиш бўйича бир қатор нормалар белгиланган, жумладан, уларнинг жавобгарлиги, қийноқдан жабр кўрганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ёрдам кўрсатиш аниқ белгилаб қўйилган.

Болалар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатларини таъминлаш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.

Зўравонликдан жабр кўрган хотин-қизлар ҳуқуқларини тиклаш, барча соҳаларда тенглик тамойилини татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди. Шу муносабат билан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Зўрлик ишлатишдан жабр кўрган хотин-қизларни реабилитация қилишга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Ўз навбатида, Олий Мажлис Сенати томонидан “Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача гендер тенгликка эришиш стратегияси” ишлаб чиқилди ва маъқулланди.

Ўзбекистоннинг инсон ҳуқуқларини тарғиб қилиш борасидаги саъй-ҳаракатлари эътирофи сифатида мамлакатимиз биринчи марта БМТнинг инсон ҳуқуқлари бўйича Кенгашига уч йиллик муддатга (2021-2023) сайланди.

Шу билан бирга, сенаторлар инсон ҳуқуқлари соҳасида халқаро стандартларни қўллаш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини ишончли ҳимоя қилишни таъминлаш борасида ҳали ҳал этилмаган масалалар мавжудлигини таъкидладилар.

Ҳозирга қадар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги билим ва кўникмалари ҳали етарли даражада шаклланмаган. Бу эса амалиётга салбий таъсир кўрсатмоқда.

Инсон ҳуқуқлари соҳасидаги Ўзбекистон Республикаси Миллий стратегиясини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси”ни кечиктириб бажариш ёки нотўғри ижро этиш ҳолатлари сенаторлар диққат марказида бўлди. Мисол учун, назарда тутилган 46 та банднинг 11 та банди бўйича тадбирлар амалга оширилмаган.

Бундан ташқари, сенаторлар Олий Мажлис палаталари Кенгашлари Қўшма қарори билан маъқулланган БМТнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида таълим ва ўқитиш тўғрисидаги декларацияси қоидаларини амалга ошириш бўйича “Йўл харитаси” лозим даражада бажарилмаётганига эътибор қаратдилар.

Ялпи мажлисда ҳар томонлама ва очиқ муҳокама якунлари бўйича тегишли вазирлик ва идораларга зарур кўрсатма ва тавсиялар берилди.

Кўриб чиқилган масала юзасидан Олий Мажлис Сенатининг қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг сенаторлар аҳолини ичимлик суви билан таъминлашдаги муаммолар юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига юборилган парламент сўрови натижаларини кўриб чиқдилар.

Унда айтилишича, Вазирлар Маҳкамасининг 804-сон қарорида белгиланган вазифалар ижроси юзасидан жорий йил бошидан бугунги кунгача сув таъминоти корхоналари томонидан хорижий кредитлар бўйича 139,3 миллиард сўмлик мажбуриятлар бажарилган. Жами 1 729 та объектда қурилиш ишлари олиб борилиб, 20 363,6 километр ичимлик ва оқова сув тармоқлари қурилган ҳамда реконструкция қилинган.

Ичимлик суви таъминоти объектларини қуриш ва реконструкция қилишни назоратга олиш мақсадида Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлиги томонидан “Smart qurilish” электрон платформаси орқали “онлайн” режимда назорат ишлари олиб борилмоқда. Соҳада коррупциянинг олдини олиш ва тендер савдолари жараёнида шаффофликни таъминлаш мақсадида комплаенс тизими жорий этилган.

2021 йилнинг январь-май ойларида 97,6 минг абонент (ёки 258,2 минг нафар аҳоли) ва 342 та юридик корхона билан икки томонлама шартномалар тузилган бўлиб, “Watercontrol” биллинг дастурига киритилган.

Жорий йилнинг январь-май ойларида ҳудудий сув таъминоти корхоналари томонидан ичимлик сув тармоқларига 367 та ноқонуний уланиш ҳолатлари аниқланиб, жами 1,4 миллиард сўмлик зарар ундирилган.

Маълумотлар шаффофлигини таъминлаш мақсадида истеъмолчилар шахсий кабинети (cabinet.uzst.uz) саҳифаси яратилган.

Истеъмолчиларга қулайликлар яратиш мақсадида электрон тўлов тизимлари (click, paynet, payme, upаy, oson вa бошқалар) билан шартномалар тузилиб, биллинг базасига интеграция қилинган.

Натижада электрон тўлов тизимлари орқали жорий йил январь-май ойларида 66,8 миллиард сўм келиб тушиб, ушбу кўрсаткич ўтган йилнинг мос даврига (34,2 миллиард сўм) нисбатан 95 фоизга ошган.

Ушбу жиҳатларни ҳисобга олган ҳолда Олий Мажлис Сенатининг тегишли қарори қабул қилинди.

Сўнгра мажлисда ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдам ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш масаласи муҳокама қилинди.

Мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитаси томонидан ҳудудларда ҳомиладор ва репродуктив ёшдаги аёллар ҳамда гўдакларга кўрсатилаётган тиббий ёрдамга оид қонун ҳужжатлари ижро этилиши ҳолати ўрганилгани ва мавжуд муаммолардан келиб чиқиб ҳукуматга парламент сўрови юбориш таклифи киритилди.

Сўнгги йилларда ушбу йўналишга алоҳида эътибор қилинаётганини “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида” ва “Фуқароларнинг репродуктив саломатлигини сақлаш тўғрисида”ги қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар қабул қилингани билан кўриш мумкин.

Бугунги кунда республика бўйича соғлиқни сақлаш тизимидаги ҳомиладор, туғувчи ва туққан аёллар ҳамда янги туғилган чақалоқларга 226 та туғруқ муассасаси, шу жумладан, 18 та перинатал марказ ва Республика ихтисослаштирилган акушерлик ва гинекология илмий-амалий тиббиёт маркази ҳамда Республика “Она ва бола скрининг” маркази, унинг 13 та ҳудудий филиали томонидан тиббий хизмат кўрсатиб келинмоқда.

Шу билан бирга, мавжуд туғруқ муассасалари сиғими мамлакатда туғилиш даражасига мос келмаслиги алоҳида қайд этилди.

2019-2023 йилларда репродуктив ёшдаги аёллар, ҳомиладорлар ва болаларга кўрсатиладиган тиббий ёрдам сифатини ошириш ва кўламини кенгайтиришга йўналтирилган чора-тадбирлар дастурида белгиланган қатор вазифалар ўз вақтида бажарилмаганлиги, туғруқ муассасалари, “Она ва бола скрининг” марказлари моддий-техник ҳолати ҳамда уларда белгиланган санитария меъёрларига риоя қилиниши, соҳага малакали кадрларни жалб этиш, маҳаллаларда ҳар бир репродуктив ёшдаги аёлни “Аёллар маслаҳатхоналари” ва “Ўсмир қизлар марказлари” томонидан хизмат кўрсатилиши бўйича қамраб олиш масаласида муаммолар мавжудлиги қайд этилди.

Таъкидланганидек, “Она сути билан озиқлантиришни қўллаб-қувватлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига доир талаблар тўғрисида”ги қонунда белгиланган меъёрларни тўлиқ ижросини таъминлаш ҳамда гўдаклар ва кичик ёшдаги болалар озиқ-овқат маҳсулотларига бўлган ички эҳтиёжларни қондириш талаб даражасида эмас.

Кўтарилган масалалар юзасидан амалга оширилаётган ишлар ҳамда кўзда тутилган режалар ҳақида тушунтириш беришни сўраб, Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш бўйича Сенат қарори қабул қилинди.

Шундан сўнг енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориш тўғрисидаги масала кўриб чиқилди.

Қайд этилганидек, бугунги кунда республика енгил саноат тизимида 7,4 мингдан ортиқ корхонада 360 мингдан зиёд фуқаро ишлайди. Уларнинг 70 фоиздан ортиғини хотин-қизлар ташкил этади. 100 нафардан зиёд хотин-қизлар ишловчи корхоналар сони 258 та. “Ўзчармсаноат” уюшмасига аъзо 13 та корхонада 50-100 нафар аёл фаолият юритади.

Мазкур корхоналарда ходимларни бепул озиқ-овқат билан таъминлаш, талаб даражасидаги меҳнат шароитлари яратишга алоҳида аҳамият қаратилган.

Шундай бўлса-да, енгил саноат ва чармсаноат тизими корхоналарида иш берувчилар томонидан хотин-қизлар учун қулай, хавфсиз меҳнат шароитларини яратишда қонун ҳужжатларида белгиланган талабларнинг бузилишига йўл қўйилган.

Жумладан, Меҳнат кодекси талабларига зид равишда корхонада иш берувчи ва ходимлар ўртасида жамоа шартномаси тузилмаган. Уч ёшгача фарзанди бўлган аёлларни ишга қабул қилинишида синов муддатини  қўллаш ва уларга 1 соатга қисқартирилган иш кунини белгиламаслик, ўн икки ёшга тўлмаган икки ва ундан ортиқ боласи ёки ўн олти ёшга тўлмаган ногирон боласи бор аёлларга ҳар йили уч иш кунидан кам бўлмаган муддат билан ҳақ тўланадиган қўшимча таътил бермаслик ҳолатлари кузатилган.

Бундан ташқари, ходимларга иш даврида уларнинг хоҳишига кўра, йиллик таътилнинг энг оз муддатидан (ўн беш иш кунидан) ортиқча қисми учун пуллик компенсация тўланмаслик, жамоа шартномаларида ходимларга умумий иш стажига қараб кўшимча таътиллар берилиши белгиланган бўлсада, амалда ушбу таътиллар берилмаслиги ва ички меҳнат тартиб-интизом қоидалари ҳамда лавозим йўриқномаларини ишлаб чиқмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

Шунингдек, корхона ишчи-ходимлари дастлабки тиббий кўрикдан ўтказилган бўлсада, даврий тиббий кўриклар ташкил этилмаган. Корхона маблағлари ҳисобидан ҳомиладор аёлларни тиббиёт муассасалари (сиҳатгоҳлар) ёки корхонага тегишли санаторий-профилакторийда бепул даволатиш ишлари ташкил этилмаган.

Корхонадаги мавжуд иш ўринларини Вазирлар Маҳкамасининг 2014 йил 15 сентябрдаги 263-сонли қарори билан тасдиқланган Низомга мувофиқ аттестациядан ўтказмаслик ҳолатларига йўл қўйилган.

Натижада оғир, ноқулай, зарарли ёки хавфли ишларда банд бўлган хотин-қизларга қонун ҳужжатларида назарда тутилган имтиёзлар ва компенсациялар белгиланмай, иш жойларида меҳнат шароитларини назорат қилиш талаб даражасида ташкил этилмаган.

Шунингдек, ходимлар иш учун зарур бўлган якка тартибдаги ва жамоавий ҳимоя воситалари билан таъминланмаган.

Тизимда хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, улар меҳнатини муҳофаза қилиш масалалари фақат иш берувчининг ихтиёрида бўлгани боис Меҳнат кодексида белгиланган талаблар бажарилмасдан қолган. Бунинг оқибатида корхоналарда бахтсиз ҳодисалар содир бўлиб, ўлим ҳолатлари ҳам кузатилган. Хотин-қизлар орасидан Меҳнат муҳофазаси бўйича вакил сайланмаган.

Бундан ташқари, хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш, меҳнатини муҳофаза қилишда қонун ҳужжатлари ижросига масъул бўлган давлат ва маҳаллий ҳокимият идоралари фаолияти талаб даражасида эмас.

Соҳаларда хотин-қизлар учун зарур меҳнат шароитларини яратиш масалаларида нодавлат нотижорат ташкилотлари, шу жумладан, халқаро меҳнат ҳуқуқ ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш ва яна бир қатор камчиликлар аниқланган.

Юқоридагиларни инобатга олиниб, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенати тўғрисида”ги Конституциявий қонуннинг 12-моддаси ҳамда “Парламент назорати тўғрисида”ги қонуннинг 14-моддасига асосланиб, Сенат томонидан енгил саноат ва чарм саноати корхоналарида хотин-қизларнинг меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳолати юзасидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига парламент сўрови юбориладиган бўлди.

Шунингдек, ялпи мажлисда Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш масалалари қўмитасининг 2020 йил ва 2021 йилнинг ўтган давридаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи эшитилди.

Қайд этилганидек, қўмита қонунчилик фаолияти доирасида халқ депутатлари маҳаллий Кенгашлар депутатлари ва экспертларни жалб қилган ҳолда 16 та қонун ва 24 та масалани дастлабки тарзда кўриб чиқиб, Сенат ялпи мажлиси муҳокамасига киритган.

Назорат-таҳлил фаолияти доирасида 13 та тадбир ўтказилган. Хусусан, Ўзбекистон Республикаси соғлиқни сақлаш соҳасидаги қонунларнинг жойлардаги ижроси 7 марта, таълим соҳаси 5 марта, давлат ҳокимияти ва бошқарув органларининг очиқлиги соҳаси 1 марта ўрганилган.

Бундан ташқари, мактабгача таълим ва халқ таълими вазирларининг ахборотлари эшитилган.

Сенатга  жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган мурожаатлар, жойларда аҳоли билан учрашувлар ва сайёр қабуллар ҳамда ижтимоий тармоқларда кўтарилган масалалар юзасидан 3 та парламент сўрови юборилган. Уларнинг натижалари қўмита ва Сенат ялпи мажлисларида муҳокама қилинган.

Фан, таълим ва соғлиқни сақлаш тизимини такомиллаштириш доирасида ҳозирги кунда долзарб аҳамият касб этган “Онкологик касалликлар профилактикаси, уларни даволаш жараёнларидаги муаммолар ва ечимлар” мавзусида давра суҳбати ўтказилди. Тадбирда онкологик касалликларни эрта аниқлаш, уларни даволаш жараёнидаги муаммолар, онкология муассасаларини малакали мутахассислар билан таъминлаш, республикадаги онкологик касалликларни даволашга ихтисослаштирилган муассасаларни замонавий диагностика ва даволаш асбоб-ускуналари билан жиҳозлаш даражаси каби масалалар муҳокама қилинди ҳамда ҳукуматга тегишли тавсиялар берилди.

Қонунлар ижроси ҳолати, ҳуқуқни қўллаш амалиётини ўрганиш ва қонуности ҳужжатлари қабул қилинишини ўрганиш фаолияти доирасида 5 та қонунни татбиқ этишга қаратилган қонуности ҳужжатлари қабул қилиниши ҳамда амалда қўлланилиши ҳолати мониторинг қилиниб, натижаси бўйича Сенат Кенгаши қарори қабул қилинган.

Фуқаролар мурожаатлари билан ишлаш жараёнида жисмоний ва юридик шахслардан келиб тушган 19 581 та ёзма мурожаат кўриб чиқилган, шундан 5 363 таси Сенатга келиб тушган мурожаатлардир.

Назоратга олиниб юборилган 2 582 та мурожаатнинг 1 058 таси (41 фоиз) ижобий ҳал қилинган. Тааллуқлилиги бўйича тегишли ташкилотларга юборилган мурожаатларнинг 1 524 тасига (59 фоиз) ташкилотлар томонидан тушунтиришлар берилган.

Сайловчиларни ташвишга солаётган муаммоларни чуқур ўрганиш ва улар ечими юзасидан зарур чоралар кўриш мақсадида 887 та учрашув ўтказилган. Қўмита аъзолари томонидан Сенат ва жойларда жами 4 075 нафар фуқаро қабул қилинган.

Шунингдек, тегишли ҳудуд ва сайловчилар манфаатларига тааллуқли муаммоларни ҳал этиш борасида парламент назоратининг сенатор сўрови шаклидан самарали фойдаланилмоқда. Хусусан, мурожаат қилган жисмоний ва юридик шахслар манфаатлари билан боғлиқ масалалар юзасидан жами 76 та сенатор сўрови юборилган.

Натижада ҳудудларда аҳолини қийнаб келаётган мактабгача ва ўрта таълим муассасаларини таъмирлаш ҳамда йўл қурилиши билан боғлиқ муаммолар ҳал этилган.

Сенат томонидан маъқулланган қонунлар мазмун-моҳиятини жамоатчиликка тушунтириш, фуқароларга давлат дастурларини ижро этиш бўйича амалга оширилаётган ишлар ҳақида маълумот бериш мақсадида телевидение, радио, ижтимоий тармоқлар ва босма даврий нашрларда 1 200 га яқин материал эълон қилинган.

Мазкур масала юзасидан Сенатнинг тегишли қарори қабул қилинди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг йигирма биринчи ялпи мажлисининг биринчи иш куни якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати