Президент Шавкат Мирзиёев Туркий тилли давлатлар ҳамкорлик кенгашининг навбатдаги саммитида иштирок этиш учун 11 ноябрь куни Туркиянинг Истанбул шаҳрига жўнаб кетди.

Бўлажак олий даражадаги учрашувда Кенгаш доирасидаги кўп қиррали муносабатларни, жумладан, савдо, инвестициялар, “яшил” иқтисодиёт, рақамли технологиялар, транспорт ва коммуникациялар, маданий-гуманитар алмашинув соҳаларидаги алоқаларни кенгайтириш масалалари ўрин олган. Ташкилот фаолиятини янада такомиллаштириш масалалари ҳам кўриб чиқилади.

Саммит якунида ҳамкорлик самарадорлигини ошириш ва кўп томонлама шерикликни мустаҳкамлашга қаратилган қўшма ҳужжатлар қабул қилиниши кутилмоқда.

Давлатимиз раҳбари ташрифи давомида Истанбул шаҳрида қатор икки томонлама учрашувлар ўтказади.

 

ЎзА