Ўзбек ва қорақалпоқ адабиёти ва маданияти оғир жудоликка учради. Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими, Қорақалпоғистон халқ шоири, фаол маънавиятчи ва жамоат арбоби Улмамбет Хўжаназаров 83 ёшида оламдан ўтди.

Улмамбет Хўжаназаров 1938 йилнинг 11 февралида Қорақалпоғистон Республикасининг Кегайли туманида туғилган. 1960 йилда Қорақалпоқ давлат педагогика институтини тугатган. Меҳнат фаолиятини Кегайли туманидаги     3-сонли ўрта мактабда ўқитувчиликдан бошлаган.

Қорақалпоғистон телевидениясида муҳаррир, “Амударё” журнали бўлим мудири, бош муҳаррир, “Эркин Қорақалпоғистон” газетасида бош муҳаррир ўринбосари, Қорақалпоғистон Республикаси телерадиокомпанияси раиси, Нукус тумани ҳокими, Қорақалпоғистон Республикаси Маънавият ва маърифат маркази раиси лавозимларида хизмат қилган.

“Аккалакам-дуккалакам”, “Кўнгил туйғулари”, “Йилларим менинг”, “Оддий қишлоқ ҳангомаси”, “Кўнгил қушим” ва  бошқа кўплаб шеърий тўпламлари, “Дилкаш суҳбатлар” достони нашр этилган.

Лермонтовнинг “Демон”, Мустай Каримнинг “Турналар қайтганда” достонларини қорақалпоқ тилига маҳорат билан таржима қилган.

Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов Улмамбет Хўжаназаров ижодий маҳоратига катта эътибор билан қараган ва устоз сифатида уни яхши кўрган, ҳамиша қўллаб-қувватлаган. Ибройим Юсуповнинг истеъдодли шогирдига бағишлаб ёзган шеърлари адабий жамоатчиликка яхши маълум. Улмамбет оға Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон халқ шоири устоз Абдулла Орипов билан жуда қадрдон дўст эди. Самимий инсон, устозлар ва тенгдош дўстлари меҳрини қозонган ажойиб шоир сифатида номи эл-юрт орасида машҳур бўлган.

Унинг ижодида миллий руҳ, шеърий матнда янгиликлар яратишга интилиш кучлидир. Айниқса, болаларга бағишланган шеърлари адабиётимизнинг энг ёрқин намуналари сифатида эътироф этилган.

Шоирнинг шеърий туркумлари ўзбек тилига таржима қилиниб, “Шарқ юлдузи”, “Ёшлик” журналлари, “Ўзбекистон адабиёти ва санъати” газетасида чоп этилган.

Атоқли ижодкор ўзбек ва қорақалпоқ миллий адабиёти ва маданиятини ривожлантириш, халқимиз маънавияти, онгу тафаккурини юксалтириш, ёш авлод қалбида ўзликни англаш, миллий ғурур ва ифтихор туйғулари, эзгу фазилатларни камол топтириш борасида ёрқин истеъдоди, бетакрор бадиий асарлари, ибратли ижтимоий фаолияти билан катта ҳисса қўшгани учун муносиб мукофотланиб, Ўзбекистон Ёшлар ташкилоти мукофоти, “Ўзбекистонда хизмат кўрсатган маданият ходими”, “Қорақалпоғистон халқ шоири” фахрий унвонлари, “Эл-юрт ҳурмати” ордени, “Шуҳрат” медали билан тақдирланган эди.

Улуғ шоир, моҳир таржимон, самимий инсон, ёшларнинг меҳрибон устози Улмамбет Хўжаназаровнинг хотираси қалбимизда ҳамиша  сақланиб қолади.

Марҳумнинг оила аъзолари ва яқинларига Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси чуқур ҳамдардлик билдиради.

                                                                 Ўзбекистон Ёзувчилар уюшмаси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги