Қорақалпоғистон Республикаси Нукус тумани Халқ таълими бўлимига қарашли 15-сон мактабнинг бугунги кунда иккита филиали бўлиб, шуларнинг биттаси туман марказидан 15 км узоқликдаги «Шуйит овули»да жойлашган.

Ҳозирги кунда бу таълим даргоҳида бошланғич синфларда 14 ўқувчи билим олмоқда.

Жорий ўқув йили бу мактаб жамоаси учун бир қатор яхши янгиликлар билан бошланмоқда. Хусусан, янги ўқув йили олдидан филиал биноси қурилиш-таъмирлашдан чиқарилиб, атрофи темир тўсиқлар билан ўраб берилди.

Шунингдек, мактабга ўқиш хоналарини электр энергияси ёрдамида иситадиган замонавий қозонхона (котёл) қурилди.

Туман Халқ таълими бўлими бошлиғи Мурат Таджетовнинг таъкидлашича, бўлимга қарашли 31 та умумий ўрта таълим мактаби ва битта Баркамал авлод болалар мактаби мавжуд бўлиб, шуларнинг 17 таси табиий газ, 15 таси қаттиқ ўтин ва кўмир билан иситилади. 2021-2022 йилнинг куз-қиш мавсумига тайёргарлик кўриш мақсадида табиий газ босими етиб бормайдиган мактабларнинг омборхоналарига 571 тонна кўмир ва брикет жойланган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА