Нукус шаҳри ва Нукус тумани ўртасидан оқадиган Қаттиағар канали устидан ўтадиган диаметри 1020 мм бўлган сув қувури неча йиллардан буён аҳоли учун кўприк вазифасини ҳам бажариб келаётган эди.

Нукус-Тахиатош сув трассаси бўлган мазкур хавфли «кўприк»га энди тўсиқлар қўйилди.

– Ушбу «кўприк» жуда хавфли бўлиб, каналда сув кўпайган пайтларда қўзғалиб турарди, ўзим ҳам талабалик йиллари шу қувур устидан ўтиб ўқишга қатнадим, – дейди Нукус шаҳри Саманбай маҳалласида истиқомат қилувчи Аллаяр Дарменов. – Фуқароларнинг бу ердан ўтишига сабаб кўприкнинг узоқлигидир. Энг яқин кўприк 1 километр узоқда. Юришга қийналган фуқаролар яқин йўлни танлаб, сув қувурининг устидан ўтади.

«Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖ Ахборот хизматининг хабар қилишича, бу трасса узоқ йиллардан буён аҳолига сув таъминоти мақсадида хизмат қилиб келмоқда. Ушбу тармоқ ўрнатилгандан буён бир неча маротаба фуқароларнинг ўтишини ман қилувчи махсус тўсиқлар қўйилган. Аммо, номаълум шахслар томонидан бир неча нечта марта олиб кетилган. Яқинда ижтимоий тармоқларда ушбу хавфли «кўприк» ҳақида хабар тарқалгандан сўнг, «Қорақалпоқ сув таъминоти» МЧЖ томонидан ўша жойга такроран тўсиқ қўйиш ишлари олиб борилди. Лекин, темир тўсиқлар қўйилаётган пайтда ҳам фуқаролар ундан ўтмоқчи бўлган.

 

Е.Қаноатов, ЎзА