Нукусда “Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан байрам тадбири бўлиб ўтди.

Ўзбекистон Агросаноат мажмуи ходимлари касаба уюшмаси республика кенгаши ҳамда Қорақалпоғистон касаба уюшмалари ташкилотлари бирлашмаси кенгаши томонидан ҳамкорликда ташкил этилган тадбирда Оролбўйининг барча туманларидан турли соҳаларда самарали меҳнат қилаётган қишлоқ аёллари иштирок этди.

Таъкидланганидек, Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 2007 йил 18 декабридаги йиғилишида 15 октябрь “Халқаро қишлоқ аёллари куни” деб расман эълон қилинди. Бугунги кунда дунёнинг кўплаб давлатларида мазкур сана халқаро қишлоқ аёллари куни сифатида кенг нишонланиб келинмоқда.

Мамлакатимизда давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан хотин-қизларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, уларнинг ижтимоий-сиёсий ва ишлаб чиқаришдаги улушини ошириш, уларга муносиб меҳнат ва яшаш шароитини яратиш борасида кенг кўламли ишлар амалга оширилмоқда.

– Бугунги куни қишлоқ аёлларига барча шарт-шароит яратилиб берилмоқда, – дейди Қўнғирот тумандаги “Олтинкўз-Сартур» биолабораторияси раҳбари Турдигул Аденбоева. – Қишлоқ хўжалигидаги узоқ йиллик меҳнатим муносиб баҳоланиб, мамлакатимиз мустақиллигининг 30 йиллиги байрами арафасида менга “Қорақалпоғистон Республикасида хизмат кўрсатган қишлоқ хўжалик ходими» фахрий унвони топширилди. Бу барча қишлоқ аёлларининг меҳнатига берилган баҳо деб ҳисоблайман.

Тадбирда “Халқаро қишлоқ аёллари куни» муносабати билан юртимизнинг ижтимоий-иқтисодий юксалиши ва қишлоқ хўжалигида самарали меҳнати, жамоат ишларидаги фаоллиги учун бир гуруҳ қишлоқ аёлларига диплом ҳамда қимматбаҳо совғалар топширилди. Уларга байрам дастурхони ёзилиб, санъат усталари томонидан концерт дастури намойиш этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА