Қорақалпоғистон Республикаси божхона бошқармасида 2021 йилнинг январь-сентябрь ойлари давомида амалга оширилган ишларга бағишланган матбуот анжумани бӯлиб ӯтди.

Бошқарма бошлиғи биринчи ӯринбосари, божхона хизмати майори Асроржон Муқимов ва бошқалар таъкидлаганидек,  жорий йилнинг ўтган 9 ойи давомида қиймати 308,7 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот экспорт божхона режимига расмийлаштирилди. Умумий қиймати 456 миллион АҚШ долларини ташкил этувчи республика ташқи савдо айланмасининг 67 фоиз товарлар экспортига тўғри келади.

Республика ҳудудидан асосан полиэтилен, артемия цистаси, кунжут маҳсулотлари, пахта толаси, пропилен, қизилмия илдизи ва унинг экстракти, ип калава, кальцинирланган сода ҳамда тери маҳсулотлари Туркия, Хитой, Россия, Латвия, Қозоғистон каби бир қатор давлатларига экспорт қилинди. Технологик асбоб-ускуналар, кимё саноати маҳсулотлари, ёғоч ва тахта, қишлоқ хўжалиги ва озиқ-овқат маҳсулотлари каби умумий қиймати147,3 миллион АҚШ долларига тенг маҳсулот бошқарма томонидан импорт божхона режимига расмийлаштирилди.

Шунингдек, жорий йилнинг ўтган даври давомида бошқарма томонидан божхона органларининг ўз фискал вазифаларини амалга ошириш доирасида божхона тўловларидан 227 миллиард 630 миллион сўм пул маблағи давлат бюджетига ўтказилиши таъминланди.

Ҳукуматимиз томонидан тадбиркорлик субъектларини қўллаб-қувватлаш бўйича белгиланган ҳар бир вазифа ижросини сўзсиз таъминлаш мақсадида, божхона органлари томонидан тадбиркорларга қулайлик сифатида жами 179 миллиард 883 миллион сўм миқдорида божхона тўловидан имтиёз қўлланилди. Божхона юк декларацияларини рўйхатга олишга илгари ўртача ҳисобда 2-3 соат вақт сарфланган бўлса, ҳозирда автоматлаштириш натижасида жараён 5 дақиқада бажарилмоқда.

Ҳисобот даврида божхона соҳасига оид қонунчилик ҳужжатларининг бузилиши билан боғлиқ 283 та ҳуқуқбузарлик ҳолати аниқланиб, қиймати

4 миллиард 391 миллион сўмлик товар-моддий бойлик ашёвий далил тариқасида ушлаб қолинди. Шундан, жами 7 та ҳолатда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг тегишли моддалари бўйича жиноят иши қўзғатилди.

Жумладан, бошқарма ходимлари томонидан 9 ой давомида 102,35 гр.“опий” 13,35 гр. “марихуанна”, 6 туп “каннабис”, 1,83 гр. гиёҳвандлик ўсимлик уруғи ва 1211 та таблетка “Трамадол”, 222 флакон “Тропикамид” ва 314 капсула “Регапен” номли кучли таъсир қилувчи восита, шунингдек,  52 дона психотроп таблетка аниқланди. Ўқотар совуқ қуроллар тоифасидан 6 дона ўқ-дори, 2418 дона гильза, 1,15 кг дробларнинг ноқонуний тарзда божхона чегаралари орқали кириб келиши ва ноқонуний айланмада бўлишининг олди олинди ҳамда тегишли тартибда қонуний чоралар кўрилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги  ҳамда 2021 йил 10 сентябрдаги “Божхона тартиб-таомилларини соддалаштириш ва давлат божхона хизмати органлари ташкилий тузилмасини янада такомиллаштириш тўғрисида”ги фармонлари билан амалга оширилаётган ишлар тӯғрисида маълумот берилди.

Жумладан, фармон билан, 2021 йил 1 октябрдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг Тошкент, Сирдарё, Қашқадарё ва Хоразм вилоятлари бўйича бошқармаларида, 2022 йил 1 апрелдан бошлаб Давлат божхона қўмитасининг бошқа ҳудудий бошқармаларида тоифадан ташқари мақомга эга бўлган “Масофавий электрон декларациялаш» божхона постларининг босқичма-босқич ташкил этилиши белгиланди. Шунинг натижасида божхона операцияларини амалга оширишга кетадиган вақт қисқартирилади, товарларнинг божхона назорати ва расмийлаштируви жараёнларида инсон омили кескин камайтирилади, коррупцион факторлар минималлаштирилади ҳамда “Қоғозсиз рақамли божхона” янада ривожлантирилади.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари вакиллари ҳамда блогерлар ӯзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА