Хабарингиз бор, жорий йилнинг 28 сентябридан Ўзбекистон Республикаси Бош давлат санитария врачи ва миллий техник иммунологик эксперт комиссиясининг қарорига асосан, юртимизда ота-оналар ва васийларининг розилиги асосида ҳамда ихтиёрий равишда 12 ёшдан катта болаларни «Pfizer\BioNTech» вакцинаси билан эмлашга рухсат берилди.

Бу борадаги ишлар Наманган вилоятида ҳам жадал олиб борилмоқда. Вилоят СЭО ва ЖСБ ҳамда вилоят соғлиқни сақлаш бошқармаси мутахассислари билан ҳамкорликда барча шаҳар ва туманлардаги мактабларда кенг қамровли тарғибот ишлари ўтказилмоқда. Оммавий вакцинация тадбирлари 238 та эмлаш пунктида ва 54 та ҳаракатдаги бригада томонидан болалар ота-оналари ва васийларининг розилиги асосида амалга оширилаётир.

Ҳудудга 14 октябрь ҳолатига кўра, 77минг 220 доза «Pfizer/BioNTech» вакцинаси етказиб берилган бўлиб, 26 минг 85 доза вакцина эмлаш жараёнларида ишлатилди. 12-18 ёшгача бўлган 10 минг нафарга яқин бола ушбу вакцина билан эмланди.

Мавзуга доир: вирусга қарши янгидан-янги вакциналар кашф этилиб, ишончли синовлардан сўнг фойдаланишга татбиқ қилинмоқда. Улардан бири «Pfizer\BioNTech» вакцинаси бўлиб, болаларда ўтказилган клиник синовлар натижасига асосланиб, Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти томонидан юқори самарадорлиги ва хавфсизлиги эътироф қилинди. 12-15 ёшдаги болалар ва ўсмирларни ушбу вакцина билан эмлаш тавсия этилди.

 

Моҳигул Қосимова,

ЎзА