Сўнгги йилларда ҳукуматимиз томонидан қишлоқ хўжалик экинлари уруғлари етиштирилиши соҳасида олиб борилаётган ислоҳотлар етиштирилаётган ҳосилнинг салмоғини белгилашда муҳим аҳамият касб этмоқда ва экиладиган уруғликнинг сифатига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.

Хусусан, Президентимизнинг 2018 йил 27 апрелдаги “Ўзбекистон Республикасида уруғчилик тизимини тубдан такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 5 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Қишлоқ хўжалиги вазирлиги ҳузуридаги Уруғчиликни ривожлантириш маркази фаолиятини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорлари қабул қилиниб, уруғчилик соҳасини ривожлантириш юзасидан аниқ чора-тадбирлар белгилаб берилди.

Вазирлар Маҳкамасининг 2019 йил 12 июлдаги “Ӯзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси фаолиятини тартибга солувчи норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тасдиқлаш тўғрисида”ги қарори билан берилган ваколатлардан келиб чиқиб, уруғлик пахта хомашёси етиштириш соҳасида норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши устидан мунтазам назорат тадбирлари олиб борилмоқда.

– Оролбӯйида 2021 йил ҳосилидан уруғлик пахта етиштириш ҳуқуқига эга бўлиш мақсадида ўтказилган танловларга 455 та хўжалик субъектидан аризалар қабул қилинган бўлиб, шундан 337 та субъект танлов ғолиби деб топилган, – дейди Ӯзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги агросаноат мажмуи устидан назорат қилиш инспекцияси Қорақалпоғистон Республикаси ҳудудий бошқармаси бош инспектори И.Бегжанов. – Танловларни ўтказиш жараёнида олиб борилган назорат тадбирлари давомида даъвогарлар томонидан тақдим этилган ҳужжатлар намуналари ўрганилганда 27 та фермер хўжалигининг 42 та ҳужжатида камчиликлар мавжудлиги, 127 та ҳолатда баҳолаш мезонларига амал қилинмаганлиги, 134 та ҳолатда балларни нотўғри ҳисоблаш ҳолатлари аниқланди.

Шунингдек, Тўрткўл ва Кегайли туманларида танловларнинг белгиланган муддатларда ўтказилмаганлиги аниқланиб, келиб чиқаётган қонунбузилиш ва уларни келтириб чиқарувчи омилларни бартараф этиш юзасидан 7 та тақдимнома, 4 та ёзма кўрсатма, 1 та огоҳлантириш берилди. Амударё туманида аниқланган қонунбузилишлар юзасидан тўпланган материаллар қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Бундан ташқари, пахта-тўқимачилик кластерлари томонидан фермер хўжаликларига уруғлик чигит етказиб беришда меъёрий ҳужжатлар талабларига риоя қилиниши борасида олиб борилган назорат тадбирлари давомида 12 та ҳолатда қонунбузилиш аниқланиб, тегишли таъсир чоралари кўрилди. Хусусан, чигит тарқатиш шохобчаларига чиқарилган уруғлик чигитни сақлаш қоидаларига амал қилинмаслиги бўйича Тўрткўл туманида 6 та, Қўнғирот туманида 3 та, Чимбой туманида 2 та ҳолатда қонунбузилиш аниқланиб, масъулларга нисбатан маъмурий қарорлар расмийлаштирилди ва қонуний баҳо бериш учун ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга юборилди.

Шу билан бирга, келгуси йил ҳосили учун сифатли уруғлик фондини яратиш мақсадида танловдан ўтган 330 та хўжаликнинг 12,5 минг гектар уруғлик пахта майдонини апробациядан ўтказиш ишлари ҳам назоратга олиниб, тегишли таъсир чоралари кўриб борилди. Хусусан, 327 та хўжаликнинг 11 минг гектар майдони уруғлик териш учун яроқли деб топилган бўлса, 260 та хўжаликнинг 1470 гектар майдони қисман яроқсиз қилинди. Бунинг натижасида, навдорлиги паст бўлган 13 гектар, ривожи паст бўлган 407 гектар, чанқатиб юборилган 404 гектар ва турли агротехник тадбирлар бажарилмаган 647 гектар майдондан 2,1 минг тонна сифатсиз уруғлик пахта терилишининг олди олинди. Шунингдек, апробация жараёнида қонунбузилишининг олди олиниши ва бунга шарт-шароит яратиб бераётган ҳолатларни бартараф қилиш юзасидан 5 та огоҳлантириш ва 8 та ёзма кўрсатма киритилди.

Бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида фаолият юритиб келаётган 9 та пахта-тўқимачилик кластерига қарашли пахта қабул қилиш масканларида ғўзанинг 5 та селекцион навидан 13594 тонна миқдорида уруғлик пахта қабул қилинди. Қабул қилинган уруғлик пахта хомашёсининг 4281 тоннаси С-4727 навига, 1292 тоннаси Чимбой-5018 навига, 7439 тоннаси Султон навига, 378 тоннаси Манғит-1 навига, 204 тоннаси истиқболли ва янги навларга тўғри келади.
Бундан ташқари, келгуси йилларда уруғлик чигитга бўлган талабни қондириб бориш мақсадида Тўрткўл, Амударё, Чимбой, Элликқалъа туманларидаги элита уруғчилик хўжаликлари томонидан асосий майдонларида экиб келинаётган ғўза навларининг элита ва бирламчи уруғлик материалларидан 215 тонна жамғарилиб, сақланмоқда. Ҳозирда пахта-тўқимачилик кластерлари ва элита уруғчилик хўжаликларида етиштирилган уруғлик пахта хомашёсининг ғарамларга жамғарилиши, сақланиши ва профилактик тадбирларнинг бажарилиши назорат қилиб борилмоқда.

Албатта, соҳада бу каби назорат тадбирларнинг адолатли ўтказилиши келгуси йил ҳосили тақдирини белгиловчи сифатли уруғлик фондини яратишда муҳим аҳамият касб этади. Зеро, қишлоқ хўжалик экинларидан мўл ҳосил етиштириш, аввало, деҳқон-фермерлар томонидан заҳматли ва машаққатли меҳнат эвазига яратиладиган ҳосилнинг қиймати қадаладиган уруғга нечоғлиқ боғлиқлигини кўрсатади.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА