Элликқалъа. Шу йилнинг 16 сентябрь куни. Ўзбекистонда юксак савияда ўтказилган Маданий мерос ҳафталигининг овозаси халқаро миқёсда ҳам алоҳида эътироф этилгани бу кўҳна заминда бўлиб ўтган мусиқий дастур давомида ҳам яна бир бор ўз аксини топди.

Ўшанда Хоразм воҳаси ва Қорақалпоғистон Республикаси анъанавий  Маданий мерос ҳафталиги доирасидаги бир қатор тадбирлар марказига айланган эди.

Жумладан, Элликқалъа туманида кўп сонли хорижий сайёҳлар учун ташкил этилган давра йиғилишида Қорақалпоғистон Республикаси Намунавий мақом ансамбли жамоаси анъанавий ўзбек ва қорақалпоқ миллий қўшиқларидан иборат дастури билан фаол иштирок этди.

Дастур меҳмонларда катта қизиқиш уйғотиб, ғоят манзур бўлди. Хоразм мақом мактабининг энг нодир намуналари, суворалар, дилбар қўшиқ ва кўҳна тароналар бир оғиз ўзбекча каломни билмайдиган, нозиктаъб  хорижлик меҳмонларни ҳайратга солди, лол қолдирди. Мамлакатимизнинг олис ҳудудидаги  Намунавий мақом ансамбли пойтахтдаги санъаткорлардан, манаман деган бадиий мусиқий жамоалардан ортиқ бўлса ортиқдирки, лекин сира кам эмаслигини, унинг ижросидаги концерт дастури эса энг моҳир режиссёрлар жалб этилиб, тайёрланадиган шоулардан қолишмаслигини муносиб тарзда намойиш этди.

Дарҳақиқат, кейинги йилларда мамлакатимизда миллий мақом санъатини  янада равнақ топтириш борасидаги эзгу ишлар амалда ўз натижасини бермоқда. Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан жонажон Ўзбекистонимизнинг барча ҳудудларида Намунавий мақом ансамбллари ташкил этилиб, уларнинг бари эндиликда самарали фаолият кўрсатмоқда. Мақом санъати болалар мусиқа ва санъат мактаблари, махсус интернатларда болаларга мукаммал ўргатилмоқда.

Мақом ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича юқори малакали мутахассислар ва илмий-педагог кадрларни тайёрлаш, уларнинг илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиши учун кенг имкониятлар яратиш,мақом ижрочилиги ва бахшичилик санъати бўйича фундаментал, амалий ва ижодий изланиш ҳамда тадқиқотлар олиб бориш, соҳада шаклланган ижодий мактабларнинг ўзига хос ижро услублари ва анъаналарини қайта тиклаш ва ривожлантириш мақсадида Юнус Ражабий номидаги Миллий мусиқа санъати институти самарали фаолият кўрсатмоқда. Асосий йўналиши мақом санъатини янада ривожлантириш, бу борада шаклланган ижро ва ижодий мактаблар ва анъаналарни, буюк бастакорлар, ҳофиз ва созандалар меросини чуқур илмий асосда ўрганиш ва қайта тиклаш,  мақом санъати мумтоз ва замонавий ижро намуналарининг “олтин фонди”ни яратишга қаратилган Ўзбек Миллий мақом маркази муваффақиятли  иш олиб бормоқда.

Мамлакатимиз етакчиси ташаббуси билан анъанавий тарзда ўтказилаётган Халқаро мақом санъати фестивали бу борадаги ютуқларни тарғиб этишда, халқаро ҳамкорликни кенгроқ йўлга қўйишда, мумтоз мусиқа санъати  бўйича нодир истеъдод соҳибларини аниқлашда муҳим аҳамият касб этмоқда.

Навбатдаги Халқаро мақом санъати фестивалини Бухорода ўтказишга оид ижодий ташаббус миллий дурдона меросимизнинг  бетакрор мактаб ва йўналишлари, анъаналарини янада тўлиқроқ намоён этишга имкон бериши аниқ.

 

  Назокат Усмонова, ЎзА