Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университетида Қорақалпоғистон Республикаси Туризм ва спорт бош бошқармаси ташаббуси билан Бутунжаҳон туризм куни муносабати билан тадбир бӯлиб ӯтди.

Унда Қорақалпоғистон Республикаси давлат бошқаруви органлари вакиллари, туризм соҳасида фаолият юритиб келаётган қатор ташкилот вакиллари, хусусан, туристик корхоналар, театр ва музейлар, миллий анъанавий ҳунармандлар, тажрибали гид ва экскурсоводлар, этнограф ва археологлар, бахши ва жировлар, олий таълим муассасалари профессор-ўқитувчилари ҳамда талабалари, халқаро ташкилотлар ва оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўзга чиққанлар бугунги кунда Қорақалпоғистон Республикасида туризм соҳасининг ривожланиши, ташкилот ва муассасаларнинг ўзаро ҳамкорлиги, келгусида амалга ошириладиган режалари ҳақида фикр-мулоҳазаларини билдирди.

Таъкидланганидек, Бутунжаҳон туризм кунининг мақсади – туризмни тарғиб қилиш, соҳанинг дунё иқтисодиётига қўшган ҳиссасини ёритиш, турли давлатлар халқлари ўртасида алоқаларни ривожлантиришдан иборат. Мазкур байрамда дунёнинг кўпчилик давлатларида турли тадбирлар ва фестиваллар ўтказиб келинмоқда. Мазкур санага 1980 йилдан буён ҳар йили ўзгача шиор бериб борилади. Ўтган йилдаги инклюзив шиор “Қишлоқ ва экологик туризм” бўлган бўлса, бу йилгиси “Туризм инклюзив ўсишни таъминлаш учун” шиори остида дунё мамлакатларида кенг нишонланмоқда.

Бугунги кунда юртимизда туризм соҳасини жадал ривожлантириш бўйича қабул қилинган фармон ва қарорлар асосида тадбиркорлик субъектларига қатор имтиёзлар берилмоқда. Хусусан, фойда, ер ва мол-мулк солиғи, ягона солиқ тўловини тўлашдан озод этиш, туроператорлар, турагентлар, шунингдек, жойлаштириш воситалари учун фойда солиғи ставкасини белгиланган ставкага нисбатан 50 фоизга камайтириш, камида 10 кишидан иборат хорижий туристик гуруҳлар учун Ўзбекистон Республикасида тур ташкил этиш ва уларни жойлаштириш воситаларида камида беш кеча тунаб қолиши шарти билан туроператорларнинг авиа ва темир йўл чипталари бўйича харажатларини чипта нархининг 30 фоизи миқдорида қисман субсидиялаш белгиланган. Шунингдек, туроператорлар, турагентлар ва туризм соҳасида меҳмонхона хизматлари кўрсатувчи субъектларга юридик шахслардан олинадиган ер ва мол-мулкига солинадиган солиқни тўлашдан озод қилиш, улар томонидан тўланадиган ижтимоий солиқни камайтирилган ставкада 1 фоиз миқдорида белгилаш шулар қаторига киради. Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2020 йил 28 майдаги “Коронавирус пандемиясининг салбий таъсирини камайтириш учун туризм соҳасини қўллаб-қувватлашга доир кечиктириб бўлмайдиган чора-тадбирлар тўғрисида” ги фармонида белгиланган имтиёзлар натижасида 17 та тадбиркорлик субъектига жами 590 миллион сўмлик фоизсиз ссудалар, шунингдек, 1 та туроператорга 10,0 миллион сўм миқдорида грант ажратилди. Бундан ташқари жойлаштириш воситалари 2 йил муддатга туристик йиғимлардан озод этилди.

Тадбир доирасида қатор туристик объектларга саёҳатлар ва флешмоб акциялари ташкил этилди.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА