Амударё устидан ўтувчи темир йўл ва автомобиль йўли қўшма кўприги Қорақалпоғистонни Хоразм вилояти билан боғлайдиган замонавий лойиҳа ҳисобланади.

Айни пайтда қирғоқлар темир-бетон билан мустаҳкамланиб, кўприкнинг таянч устунлари қурилмоқда.

Лойиҳанинг қиймати 174 миллион доллар бўлиб, унинг эвазига 80 километрлик темир йўл ва Амударё устида 413 метр узунликдаги кўприк барпо этилади.

Бу инфратузилмаларнинг самарадорлиги жуда юқори. Масалан, Хоразм вилояти билан Қорақалпоғистон Республикаси ўртасидаги темир йўл масофаси 240 километрга, вақти эса 6 соатга қисқаради. Маҳаллий юк ташиш ҳажми йилига 12 миллион тоннадан 25 миллион тоннага ошади. Шунингдек, халқаро транзитлар учун ҳам қулайлик кенгаяди. Автомобиллар ҳаракати яхшиланиб, аҳолининг узоғи яқин бўлади.

 

Аъло АБДУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА