Айни пайтда Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг Самарқанд вилояти сайловчилари билан учрашуви бўлиб ўтмоқда.

Учрашувда Шавкат Мирзиёев ўзининг сайловолди дастури юзасидан маъруза қилмоқда. Номзод ўз нутқида Самарқанднинг миллий давлатчилигимиздаги ўрни ҳақида алоҳида тўхталди.

– Самарқанд миллий давлатчилигимиз пойдевори яратилган, қадимий пойтахт мақомига эга бўлган йирик тарихий ва маданий марказларимиздан бири. Бу кўҳна ва бетакрор шаҳар Ўзбекистон тарихида, бугунги ижтимоий-иқтисодий ҳаётимизда алоҳида ўрин тутади.

Жаҳон илм-фанида “Ғарбда – Рим, Шарқда – Самарқанд” деган ибора бежиз пайдо бўлмаган.

Айниқса, буюк Соҳибқирон Амир Темур бобомиз даврида Самарқанднинг шуҳрати бутун дунёга таралди.

Самарқанд заминида ўнлаб, юзлаб буюк аждодларимиз – машҳур саркарда ва давлат арбоблари, аллома ва мутафаккир зотларнинг қадамжолари  мавжуд.

Биринчи Президентимиз, атоқли давлат ва сиёсат арбоби, муҳтарам Ислом Абдуғаниевич Каримовнинг қабри, зиёратгоҳи ҳам шу ерда.

Самарқанднинг ижтимоий-иқтисодий ва маданий ҳаётимиздаги ўрни ва мақоми, айниқса, кейинги йилларда ўсиб бормоқда.

Қадимий пойтахтимиз йирик халқаро саммитлар, таниқли сиёсат, илм-фан, маданият ва дин арбоблари иштирокидаги кўплаб илмий-маданий анжуманларга мезбонлик қилмоқда, деди жумладан Шавкат Мирзиёев.

 

ЎзА