Қорақалпоғистон Республикаси Адлия вазирлигида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал – демократик партиясидан Президентликка номзод Шавкат Мирзиёевнинг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича ишончли вакили А.Данияров иштирокида брифинг бўлиб ўтди.

Брифингда А.Данияров журналист ва блогерларни Президентликка номзод Ш.Мирзиёевнинг таржимаи ҳоли ҳамда сайловолди дастуридаги устувор йўналишлари билан таништирди.

Партиянинг Қорақалпоғистон Республикаси Кенгаши аппарат раҳбари Ш.Отемисов сайловолди жараёнида Кенгаш томонидан амалга оширилган тарғибот тадбирлари бўйича маълумот берди.

Брифинг давомида ишончли вакил ишининг мақсад ва вазифалари, иш режалари ҳамда ишлаш механизмлари ҳақида маълумот берди. Сайлов Кодексига кўра, сайловолди ташвиқоти номзодларни рўйхатга олиш учун белгиланган охирга куннинг эртасидан, яъни 2021 йил 20 сентябрдан эътиборан бошланади ва овоз беришга бир кун қолганда тўхтатилади.

Сайлов тарғиботи давомида ишончли вакил Қорақалпоғистон Республикасининг барча туман ва шаҳарларида, турли ташкилотларда, корхона ва муассасаларда соҳа вакиллари билан юзма-юз мулоқот қилиши, жумладан оммавий учрашувлар ўтказиши режалаштирилган. Бкнда асосий эътибор Президентликка номзод дастурида белгиланган асосий ғоя ва мақсадларни фуқароларга жонли, ҳаётий мисоллар орқали, самимий суҳбат ва савол-жавоблар асносида тушунтиришга, шу билан бирга жойларда мавжуд масалалар юзасидан фикрлашишга қаратилади.

Брифинг давомида ишончли вакил ўз олдига мамлакат тараққиётини янги янада юқори босқичга кўтаришдек буюк мақсадни қўйган Янги Ўзбекистонда Президент сайлови бу йил янги миллий сайлов қонунчилиги, умумэътироф этилган халқаро стандартларга мос, демократик тамойиллар асосида ва бутунлай янги шароитда ўтишини таъкидлади.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА