Германия фуқаролари якшанба куни муҳим федерал сайловида овоз бериш учун сайлов участкаларига келадилар. Лекин, афсуски, бу галги сайловда қарийб йигирма йил ичида биринчи марта уларнинг узоқ йиллик етакчиси номзодлар қаторида бўлмайди.

Канслер Ангела Меркел 2005 йилда ушбу лавозимни эгаллаган эди. Шундан буён у Европада барқарорлик рамзи бўлиб келаётганди.

Ангела Доротея Меркел Гамбургда протестант руҳоний ва ўқитувчи оиласида туғилган. Лекин унинг ёшлиги ўша вақтдаги Германия демократик республикасида кечган. Ангела Меркел Лейпциг университетининг физика факультетини 1978  йилда томомлаган.  1986 йилда физика бўйича докторлик диссертациясини ҳимоя қилган.

Германия канслери рус тилида яхши гапира олади.  У ўқувчи пайтида ҳатто, рус тили бўйича мактаб Олимпиадаси ғолиби ҳам бўлган.

Ангела Меркелнинг сиёсий фаолияти Берлин деворининг қулаши билан бошланган.  1989 йилда у Демократик уйғониш ташкилотига аъзо бўлади. Шундан кейин у Германияда турли лавозимларда муваффақиятли фаолият кўрсатди. Меркелнинг қатъиятлиги, меҳнатсеварлиги Германия ҳукумати раҳбари бўлганида янада яққол намоён бўлди. Шу боис ҳам у канслерлик лавозимида узоқ вақт қола олган саноқли сиёсатчилардан ҳисобланади.

Дарҳақиқат, Ангела Меркел канслерлик фаолияти давомида популизм тўлқинларига, молиявий инқирозга, пандемияга бардош бериб, дунёдаги энг муваффақиятли аёл раҳбар сифатида шуҳрат қозонди.

Аммо 67 ёшли Меркел якшанба куни бўлиб ўтадиган овоз бериш натижалари аниқ бўлгач, ўз лавозимини тарк этади. Бу эса ҳафта охирида бўлиб ўтадиган сайловда баъзи ноаниқликларга сабаб бўлмоқда.

Хусусан, «2017 ва 2013 йилларда бўлиб ўтган сайловларда олинган овозлар билан таққослаганда, бу галги сайловдан кейин Германия сиёсатида сезиларли ўзгаришлар бўлиши эҳтимоли кўпроқ», – дейди Чатҳам Ҳоусе Халқаро таҳлил марказининг тадқиқотчиси Пепижн Бергсен.

Хуллас, Германияда Меркелнинг вориси бўлиш учун кураш жуда қизғин кечмоқда. Лекин якуний ғолиб сайлов участкалари ёпилганидан кейин бир неча кун ўтиб маълум бўлади. Немислар биринчи марта Меркелдан кейинги Германия қандай бўлишини ҳал қилишади. Зеро, Меркелхоним мамлакат ичида ҳам,  хорижда ҳам катта нуфузга эга сиёсатчи сифатида танилган, шу боис Германия сиёсатида унинг ўрни ҳали узоқ билиниб турса керак. Нима бўлганда ҳам, немислар ҳадемай унинг вориси тўғрисида қарор қабул қилишлари керак.

 

Мусулмон Зиё, ЎзА