Айни пайтда Бўзатов туманида қорақалпоғистонлик сайловчилар билан ўтказилаётган учрашувда Шавкат Мирзиёев республика ҳудудидаги кўприкларни таъмирлаш масаласига ҳам алоҳида тўхталди.

Унга кўра, 500 миллиард сўм маблағ ҳисобидан Қорақалпоғистондаги 370 та кўприк тўлиқ таъмирланади.

Шу орқали, Амударё, Қонликўл, Қораўзак, Мўйноқ, Шуманай ва Элликқалъа туманларида кўприклар билан боғлиқ муаммолар тўлиқ ҳал қилинади.

Шунингдек, Амударёнинг икки соҳилини боғлайдиган, 412 метр узунликдаги янги барпо этилаётган кўприк Қорақалпоғистон ва Хоразм иқтисодиёти учун ҳам, аҳоли учун ҳам катта қулайликлар яратади.

Ушбу лойиҳа доирасида 79 километрлик “Шовот – Гурлан – Жумуртов – Қораўзак” темир йўл тармоғи қурилмоқда. Бу – юртимиздан Россия ва Қозоғистонгача юк ташишни 240 километрга, вақтни эса 6 соатга қисқартиради.

Амударё туманида янги темир йўл вокзали қурилади. Шунингдек, Қўнғирот, Тўрткўл ва Хўжайли вокзаллари реконструкция қилинади.

 

ЎзА