Нукус шаҳрида ўтказилаётган II халқаро бахшичилик санъати фестивали қизғин давом этмоқда.

Тадбир доирасида иштирокчилар Мўйноққа сафар қилди.

Бир пайтлар гуллаб-яшнаган, кейинчалик эса қуриб, биёбонга айланган Оролбўйи ҳудуди эндиликда янада кўпроқ хорижлик меҳмонларнинг диққатини ўзига жалб этмоқда.

Бепоён замини осмон билан туташиб кетган Оролбўйи ҳудуди қадимий қалъаларга бойлиги, қўҳна тарихи, сир-синоатларга бой афсонаю асотирлари билан хорижлик сайёҳлар меҳрини қозонган, десак муболаға бўлмайди. Айтишларича, бу чексиз, сарҳадсиз кенгликлар инсонга қандайдир ижобий биоэнергия, қувват бераркан. Нима бўлганида ҳам,бугун Оролбўйи ҳудудидан сайёҳларнинг қадами аримаётгани рост.

– Мен видеофильмда кўрган тасвирлар билан бугунги Оролнинг ҳолатини солиштириб кўришга ботинолмадим, – дейди италиялик Сара Гиганте. – Кўзларимга ёш келди. Денгизнинг катта қисми ўз-ўзидан ғойиб бўлмаган. Бугун Оролга кўмак қўлини узатишга халқаро жамият шайлангани замирида ҳам унга ақалли қандайдир кўмак кўрсатиш мақсади мужассам.

Сафар давомида иштирокчилар Орол тарихига оид экологик музейни ҳам кўздан кечирдилар.

 

Н.Усмонова, ЎзА