Соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган ислоҳотларни изчил давом эттириш, аҳоли саломатлигини сақлаш борасида белгиланган устувор вазифалар ижросини таъминлаш, тиббиёт ходимларининг салоҳиятини ошириш учун зарур шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, жамоатчилик томонидан тиббий хизматлар кўлами ва сифатини ошириш мақсадида шу йил 1 июлдан бошлаб ҳамширалик иши ўзини ўзи банд қилувчи фаолият турлари рўйхатига киритилди.

Ҳамширалик билан фақат ўрта тиббий ёки олий маълумотга эга, Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот тизимида рўйхатдан ўтган, қолаверса, белгиланган муддатларда ўз малакасини ошириб борганлар шуғулланиши мумкин бўлади.

Вазирлар Маҳкамасининг жорий йил 17 сентябрдаги 578-сонли қарори билан тасдиқланган “Ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолиятини амалга ошириш тартиби тўғрисида”ги низомга кўра,  ўзини ўзи банд қилган шахс сифатида “ҳамширалик иши” фаолияти билан шуғулланишга ўрта тиббий (ҳамширалик иши, даволаш иши, акушерлик иши) ёки олий ҳамширалик иши бўйича олий маълумотга эга бўлган, давлат ёки нодавлат тиббиёт ташкилотида ишламайдиган шахсларга (ҳамшира) рухсат берилади. Бунинг учун ҳамшира махсус мобиль илова ёки солиқ тўловчининг шахсий кабинети орқали ёхуд давлат солиқ хизмати органига келган ҳолда рўйхатдан ўтади.

Ҳамширага маълумотнома расмийлаштирилиб, шу асосда Соғлиқни сақлаш вазирлигининг ахборот дастурида рўйхатдан ўтади ҳамда мустақил ҳамшира сифатида фаолиятини бошлайди.

Мустақил ҳамшира ахборот дастурида маълумотларни бевосита ўзи киритиши ёки туман (шаҳар) кўп тармоқли марказий поликлиникаларига келган ҳолда ахборот дастурида рўйхатдан ўтиши мумкин. Бунда малака тўғрисидаги сертификат бўлиши талаб этилади, мустақил ҳамшира таълим ташкилотини тугатганига 3 йил бўлмаган тақдирда ушбу сертификат талаб этилмайди. Сўровнома тўлдирилгандан сўнг мазкур фаолият билан шуғулланиш имконини берувчи гувоҳнома автоматик тарзда расмийлаштирилади. Гувоҳнома чекланмаган муддатга берилиб, уни расмийлаштиришда ҳақ ундирилмайди.

Низомга кўра, мустақил ҳамширанинг шифокор кўрсатмасисиз ҳамда унинг тавсияси асосида аҳолига мустақил тиббий маслаҳат ва муолажаларни бажариш бўйича ҳуқуқлари белгиланди.

Шунингдек, мустақил ҳамширага стерилизация қилиниши талаб этиладиган тиббий буюмлардан фойдаланган ҳолда аҳолига тиббий муолажаларини бажаришига, дори воситалари қабул қилишда ножўя таъсир ҳолатини аниқлаш мақсадида қўйилган синама ҳолатини баҳолашга рухсат этилмайди.

Мустақил ҳамшира фаолиятни амалга оширишдаги ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) учун шахсан жавобгар ҳисобланади.

Маълумот ўрнида таъкидлаш лозимки, мазкур фаолият билан Соғлиқни сақлаш вазирлигининг тегишли ахборот тизимида 2022 йил 1 январдан бошлаб рўйхатдан ўтган шахслар шуғулланиши мумкин.

 

Муҳайё  Тошқораева,

ЎзА