Инновацион ривожланиш вазирлиги ахборот хизматининг «Экстрасистол касаллигида вакцина олинадими?», деган саволига Соғлиқни сақлаш вазирлиги Вирусология илмий-текшириш институтининг кардиолог шифокори Зарина Сирожидинова қуйидагича жавоб берди:

– Юрак аритмиясининг турли касалликлари мавжуд бўлиб, шулардан бири экстрасистолдир, – дейди З.Сирожидинова. – Экстрасистол ҳолатда бемор юракнинг  муддатидан олдин қисқариши ва унинг нотекис ураётгандек ёки урмай қолгандек бўлиб туюлишини ҳис қилади. Баъзан бундай жараён соғлом одамларда ҳам учраб туради. Агар экстрасистолия сийрак (дақиқасига 5 тадан камроқ) бўлса ва бемор уни сезмаса, унда махсус муолажа талаб этилмайди. Экстрасистолия тезлашса, дақиқасига 6 ва ундан ҳам ошадиган бўлса, бемор юраги нотекис ураётганини сезса, боши айланса, унда дарҳол шифокорга мурожаат қилиш зарур. Бундай пайтда фуқарога вакцина олиш тавсия этилмайди.

Авваломбор, беморни синчковлик билан текшириш лозим. Жумладан, шифокор томонидан ЭКГ ёки ЭХО кардиограмма қилиш ҳам тавсия этилиши мумкин. Шифокор юракда ўрин олган 4 та клапаннинг қай бирида ўзгариш кечаётганига аниқлик киритиш даркор. Даволаниш чоралари самарали кечиб, инсон ўзини яхши хис қилганидан сўнг шифокор кўриги ва маслаҳати билан вакцина олса бўлади.

 

Моҳигул Қосимова,

ЎзА