Нукус шаҳрида ўтказилаётган II «Халқаро бахшичилик санъати фестивали» доирасида Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, таниқли бастакор, театрнинг бош дирижёри Қурбанбай Заретдиновнинг «Халқ учун» операси намойиш этилди.

Либретто муаллифи Қорақалпоғистон халқ шоири Кенесбай Каримов. Бу опера қорақалпоқ халқининг классик шоири Бердақ Қарғабай ўғли умрининг сўнгги йилларидаги ҳаётига бағишланади. Ўз давридаги халқнинг оғир турмуши, зўравонликлар, хотин-қизларнинг жамиятдаги ўрни таъчирчан воқеалар орқали кўрсатилган.

–  Операни томоша қилиб жуда таъсирландим, – деди операга кирган ёшларнинг бири Фарҳод Юсупов. –  Бердақ қизи Ҳурлиманга бахшичилик санъатини ўргатиши, Ҳурлиман арияси орқали устозидан бахши фотиҳасини олиши саҳналари, бахшичилик санъати, уни ўрганиш, шогирдларга меърос қолдириш анъаналари халқимизда азал-азалдан яхши сақланиб келаётганлигидан дарак беради.

Операдаги саҳналар тарихий воқеаларга асослангани билан томошабинларда катта таассурот қолдирди.

 

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги мухбири, М.Ҳабибуллаев (сурат),

ЎзА