Жорий йил 18 сентябр куни Нукус опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактабда II халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида «Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни» мавзусида II халқаро илмий-амалий конференция ташкил этилди.

Ўнлаб давлатларнинг олимлари онлайн тарзда конференция ишида иштирок этди ва сўзга чиқди.

Конференциянинг очилишида  Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков, Қорақалпоғистон Республикаси маданият вазири Қалбай Турдиев, ЮНЕСКОнинг Туркия Миллий қўмитаси раиси, филология фанлари доктори, профессор Ўжал Оғуз, Қирғизистон Республикаси Фанлар академияси бўлим бошлиғи, филология фанлари доктори, профессор Талантаали Бакчиев сўзга чиқиб, конференция ишларига мувафақиятлар тилади.

Таъкидланганидек, ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашда эзгуликга чорловчи, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларнинг ва, умуман, бахшичилик санъатининг ўрни беҳад катта.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг ташаббуси билан  халқимизнинг юксак бадиий  даҳоси ила яратилган бахшичилик санъатини  асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича мәмлакатимизда муайян ишлар амалга оширилмоқда.

Мазкур анжуманда Россия, Туркия, Озарбайжон, Қозоғистон каби давлатларнинг нуфузли илм масканларидан ташриф буюрган таниқли фольклоршунос олимлар бахшичилик санъатининг тарихи ва жаҳон маданияти тараққиётида тутган ўрни ҳақида маърузалар ўқиди.

Хусусан, филология фанлари доктори, профессорлар Метин Экижи, Жаббор Эшонқулов, Хусейин Байдемир, Саригул Баҳадирова, Эрдоған Алтынқайнақ, Ҳалил Ибраҳим Шаҳин, Тамара Басангова, Талантаали Бакчиев каби халқаро миқёсда таниқли фольклоршунос олимлар соҳанинг долзарб муаммолари ҳақида тўхталди.

Шунингдек, анжуманда мамлакатимизнинг турли олий ўқув юртларида, илмий-тадқиқот институтларида фаолият юритаётган фольклоршунос олимлар, бахшичилик ва халқ оғизаки ижоди масалаларига қизиқувчи тадқиқотчилар ҳам соҳага алоқадор илмий-назарий мақолалари билан фаол иштирок этди.

– Биз бир неча соҳа ходимлари билан фестивалга келдик. Фестивалнинг очилиш маросимида қатнашиб, анжуманнинг юқори савияда ташкиллаштирилганлигининг гувоҳи бўлдик,– дейди туркиялик мутахасис Режеп Эрдоған.  – Ўтказилаётган конференциянинг қадим санъат тури бўлган бахшичилик ва жировчиликни кеңг тарғиб қилишда аҳамияти катта, албаттда. Олимлар томонидан олиб борилаётган соҳага оид изланишлар тўғрисида кенгроқ маълумотлар олиш имконини беради.Ўзбекистонда, шу жумладан, Қорақалпоғистонда қадим санъат тури бўлган бахшичилик ва жировчиликнинг неча минг йиллардан бери аждодлардан авлодларга ўтиб, мукаммал  яхши сақланганлиги барчамизни қувонтирмоқда.

Анжуман якунида бахшичилик санъати истиқболи билан боғлиқ муҳим резолюция қабул қилинди.

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги