Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган II халқаро бахшичилик фестивали доирасида қатнашчиларнинг ижросини баҳолашга доир халқаро танлов бўлиб ўтмоқда.

Фестиваль шуни кўрсатмоқдаки, юртимизнинг олис гўшаларида ҳам пойтахтдагидан сира кам бўлмаган тарзда юксак савияда фестиваллар, санъат байрамлари ташкил этилаётгани халқимизни жуда қувонтирмоқда. Айни пайтда хорижлик меҳмонлар мамлакатимизда миллий мерос ривожига кўрсатилаётган катта эътиборга яна бир карра гувоҳ бўлмоқда.

–- Нукусда бўлиб ўтаётган Халқаро бахшичилик фестивали Ўзбекистонда миллий меросни ўрганиш, тарғиб этишга арзигулик бой тажриба тўпланганини амалда намойиш этмоқда, –  деди эронлик фольклоршунос тадқиқотчи Руҳиллоҳ Камолий.– Бундай мулоқотлар бахшичилик соҳасини ўрганаётган олимлар учун ҳам, ижрочиларга ҳам ўзаро фикр ва тажриба алмашиш имконини беради. Нукусдаги фестиваль тадбирларини оддий одамлар ҳам бемалол кузатиш, санъатдан баҳра олиш имконига эга эканини жуда юқори баҳолаш мумкин. Умуман олганда, ушбу фестиваль бошқаларга ибрат бўлишга арзигулик жиҳатлари бисёрлиги билан кўпчиликда катта таассурот уйғотмоқда.

– Достонларда халқ руҳи, тарихи, миллий қиёфаси бор, – деди жанубий кореялик олим Хйюн Сун Мок.– Ўзбекистонда бу меросни авайлаб-асрашга, унинг ёшлар ўртасидаги тарғиботини кучайтиришга катта эътибор қаратилмоқда. Мен халқаро бахшичилик фестивали давомида ушбу бебаҳо санъатга ўзбекистонлик ёшларнинг ҳам жуда қизиқишини кузатдим.

   Халқаро фестиваль доирасидаги концертлар,  

кўргазмалар, тақдимотлар, саёҳатлар қизғин давом этмоқда.

   Н.Усмонова,

    ЎзА