Жорий йилги VII Халқаро армия ўйинлари (“АрМИ-2021”)да Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги ҳарбий хизматчилари мамлакатимиз учун мисли кўрилмаган натижаларни қайд этди. Бу йилги беллашувлар якуни бўйича Ўзбекистон терма жамоаси 4 та олтин, 9 та кумуш ва 4 та бронза медалларини қўлга киритиб, умумжамоа ҳисобида Хитойни ортда қолдиришга мушарраф бўлди. Якуний натижаларга кўра мамлакатимиз умумжамоа ҳисобида шоҳсупанинг 2-поғонасидан жой олди. Шунингдек, қизғин баҳс ва мунозараларга бой ўтган “Ҳарбий олимпиада”да юртимиз ҳимоячилари 10 та рекорд натижани қайд этишга ҳам улгуришди.

Ана шундай дунёнинг нуфузли мусобақасида мамлакатимиз шаънини муносиб ҳимоя қилганлар орасида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинларида ҳарбий хизматни ўтаётган 9 нафар офицер ва сержантлар “Ҳарбий ралли”, “Қуролсоз уста”, “Хавфсиз маршрут”, “Мусаффо осмон”, “Мерганлар марраси”, “Қўшинлар разведкаси аълочилари” ва “Хавфсиз муҳит” каби етти йўналишда иштирок этиб, ўз хизмат жойларига етиб келди.

Халқаро аренада мамлакатимиз учун юксак натижани олиб келган ҳарбий хизматчилар Нукус темир йўл вокзалида ҳарбий округ қўмондонлиги, ҳарбий хизматчилар ва яқинлари томонидан ҳарбий оркестр садолари остида катта тантана билан кутиб олинди.

Таъкидлаш жоизки, 22 август кунидан 4 сентябрга қадар бўлиб ўтган «АрМИ-2021» Халқаро армия ўйинлари дунёнинг 11 та давлати ҳудудида ўтказилди. Мусобақаларда 42 та давлатнинг жами 277 та жамоаси ёки 5000 дан ортиқ ҳарбий хизматчилари ўзаро куч синашди. Ўзбекистон жамоалари ҳам ушбу нуфузли мусобақаларнинг 24 йўналиши бўйича иштирок этди.

Қатнашувчи барча жамоалар томонидан «АрМИ-2021»да жами 37 та рекорд натижа қайд этилган бўлиб, улардан 10 таси Ўзбекистон ҳисобига ёзилди. Бинобарин, мамлакатимиз ҳудудида ўтган «Ҳарбий-тиббий эстафета» мусобақасида ўзбекистонликлар 3 та рекорд натижани янгилади.

Нукусга етиб келган “қаҳрамонлар”ни кутиб олиш маросимида улар шарафига илиқ сўзлар айтилди. Мамлакатимиз жаҳон ҳамжамиятида ўрни ва нуфузи янада ортишига уларнинг муносиб ҳисса қўшганлари, албатта, улуғланиши эътироф этилди.

Маълумот учун, 11 сентябрь куни пойтахтимизнинг “Ғалаба боғи” мажмуасида VII Халқаро армия ўйинлари иштирокчиларини шарафлашга бағишланган тантанали маросим бўлиб ўтган эди. Унда Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёевнинг қарорига мувофиқ Халқаро армия ўйинларида фахрли ўринларни эгаллаган жамоа аъзолари ва мусобақаларда рекордлар қайд этган ҳарбий хизматчилар Ўзбекистон Республикаси Президентининг қўл соати, пул мукофотлари билан тақдирланди.

Бундан ташқари, Халқаро армия ўйинларида алоҳида жонбозлик кўрсатган ҳарбий хизматчиларга навбатдаги ҳарбий унвонлар муддатидан олдин топширилди.

 

Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати