Нукус шаҳрида ғоят кўтаринки руҳда бошланган II халқаро бахшичилик санъати фестивалига Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг табриги алоҳида кўтаринки руҳ, ижодга рағбат, изланишга даъват бағишлади.

Бу жиҳатлар санъат байрами доирасида ўтказилаётган “Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро илмий-амалий конференцияда яна бир карра ўзининг ёрқин ифодасини топди. Унда фольклоршунос, мусиқашунос олимлар, бахшилар, тадқиқотчилар, соҳага тааллуқли мавзуни ёритиб бораётган журналистлар иштирок этди.

Ўзбекистон Республикаси маданият вазири Озодбек Назарбеков ёш авлодни миллий қадриятларимизга муҳаббат руҳида тарбиялашда уларни эзгуликка чорловчи, ватанпарвар, адолатли, мард, жасур бўлишга ундовчи достонларнинг ва умуман бахшичилик санъатининг ўрни беҳад катта эканини таъкидлади.

Мамлакатимиз етакчиси Нукусдаги II халқаро бахшичилик санъати фестивали иштирокчиларига байрам табригида “Халқ оғзаки ижодиётининг энг қадимий турларидан бўлган бахшичилик санъати юксак гуманизм ғояларини, тинчлик ва дўстлик, адолат ва ҳақиқат каби эзгу фазилатларни маҳорат билан тараннум этади. Шу боис ҳам, бахши, оқин ва жировлар азалдан халқ қалбининг куйчилари, турли миллат ва элатларни бирлаштирадиган олижаноб инсонлар сифатида ардоқлаб келинади”, деб алоҳида эътироф этди. Шу билан табрикда эътироф этилганидек, болалик қўшиғи, ҳар қайси миллий маданиятнинг ҳаётбахш чашмаси, деб таъриф берилган халқ ижодиёти намуналарини, унга оид қўшиқларни соф ва безавол ҳолатда сақлаш, ҳамиша мағрур янграшини таъминлаш барчанинг, айниқса ижодкор зиёлиларнинг наинки вазифаси, балки муқаддас бурчи ҳамдир.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2019 йил 14 майдаги “Бахшичилик санъатини янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори миллий меросимизнинг ушбу бебаҳо турини асраб-авайлашнинг янги ривожланиш босқичини бошлаб берди.

Мамлакатимизда ушбу ноёб санъатни асраб-авайлаш ва ривожлантириш бўйича ишлаб чиқилган тегишли “Йўл харитаси” асосида тизимли, изчил амалий саъй-ҳаракатлар, маърифий ташаббуслар ҳаётга кенг жорий этилмоқда.

Айтиш жоизки, юртимизда истиқлол йилларида «Алпомиш» достонининг минг йиллиги кенг нишонлангани, Термиз шаҳрида бу улуғ бадиий обида шарафига, Самарқанд шаҳрида атоқли бахшиларимиз хотирасига бағишланган ёдгорлик мажмуалари бунёд этилгани, давлатимиз томонидан «Ўзбекистон Республикаси халқ бахшиси» фахрий унвони таъсис этилгани бу борадаги амалий ишларнинг ёрқин намунасидир.

Бугунги кунда Юнус Ражабий номидаги Ўзбек миллий мусиқа санъати институтида “Достон ижрочилиги” кафедраси, Термиз шаҳрида бахшичилик мактаби, Нукус шаҳрида опера ва бахшичилик санъатига ихтисослаштирилган мактаб, республикамиздаги болалар мусиқа ва санъат мактабларида фольклор синфлари фаолият кўрсатмоқда.

Заҳматкаш олимларимиз томонидан кўп томлик «Қорақалпоқ фольклори» тўпламлари чоп этилди. 100 томлик «Ўзбек халқ ижоди ёдгорликлари» мажмуаси нашр этилмоқда. Бахши-шоирлар томонидан ижро этилаётган асарларни ёзиб олиш, уларни илмий ўрганиш ишлари мунтазам давом этмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 апрелдаги “II халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини янада ривожлантириш учун қулай шарт-шароитлар яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори бахшичилик ривожи давлатнинг доимий эътиборида эканини яна бир карра намоён этди.

Фестиваль доирасида ташкил этилган халқаро анжуманда мамлакатимизда миллий мероснинг ажралмас қисми сифатида бахшичилик санъати ўз ривожланиш босқичидан оғишмай бораётгани, бу нодир санъат ҳамиша эътибор ва эъзозда экани алоҳида эътироф этилди.

– Бахшилари бор юрт милий ўзлигини мудом сақлаб қолади, – деди туркиялик тадқиқотчи-олим Селами Федакар. – Бугунги глобаллашув замонида халқларнинг ўз миллий қиёфасини сақлаб қолиши ғоят муҳим менимча. Бунга эса бахшичилик, халқ ижодиётининг бебаҳо намуналарини, миллий анъана ва қадриятларни асраб-авайлаш орқали эришиш мумкин. Ўзбекистон ўз миллий санъатини наинки сақлаб, балки ардоқлаб, ривожлантириб, ёшларни ҳам шу йўлга сафарбар этиб келаётган давлат сифатида кўз ўнгимизда намоён бўлмоқда. Бунга Нукус шаҳрида катта шодиёналик билан ўтказилаётган халқаро бахшичилик санъати фестивали ёрқин мисолдир.

“Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусидаги халқаро анжуман ўз ишини давом эттирмоқда.

 

Назокат Усмонова, ЎзА мухбири