Нукусда 17 сентябрь куни «Марказий Осиё жаҳон цивилизациялари чорраҳасида» халқаро маданий форумига тайёргарлик доирасида «Археология ва туризм: салоҳиятни аниқлаш ва меросни бошқариш» мавзуида халқаро археологик конференцияси бўлиб ўтди.

Тадбир Ўзбекистон туризм ва спорт вазирлиги, UNESCO масалалари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий комиссияси ва Марказий Осиё тадқиқотлари халқаро институти томонидан Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Махкамаси кўмагида ташкил этилди.

Конференцияда эллик нафардан ортиқ халқаро мутахассис, археология ва тарихий-маданий мерос соҳасидаги илғор олимлар ва амалиётчилар қатнашди.

Тадбирнинг очилишида Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари, туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, Қорақалпоғистон Республикаси Жуқорғи Кенгаши Раиси Мурат Камалов, UNESCOнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси раҳбари Александрос Макаригакис сўзга чиқиб, анжуман ишига мувафақият тилади.

Конференцияда археология ва туризм соҳасида амалга оширилаётган долзарб ишлар тўғрисида маълумот берилиб, фикр-мулоҳазалар билдирилди.

Ўзбекистон раҳбариятининг тарихий-маданий меросни, хусусан, археология ёдгорликларини ўрганиш, асраб-авайлаш, улардан фойдаланиш, оммалаштириш ва барқарор бошқариш бўйича ечим топишга интилиши анжуманнинг энг муҳим шартларидан бири бўлди. Ўзбекистон, Тожикистон ва Туркманистон олимлари ва тадқиқотчиларини бирлаштирган Буюк ипак йули:  Зарафшон – Қорақум йўлаги ва Қадимги Хоразм мероси трансмиллий туркум номинациялари, шунингдек, Ўзбекистон Республикасидан «Маздакхон Учтепаси» индивидуал номинацияси шулар жумласидан.

Мамлакатимизда олиб борилаётган тадқиқотлар доирасида мазкур анжуман Марказий Осиё учун археологик меросни ўрганиш ва асраш муаммолари ва вазифаларини ҳар томонлама муҳокама қилиш учун ягона платформага айланиши кўзда тутилган. Катта салоҳиятга эга археологик жойлар миллий, минтақавий ва халқаро миқёсда маданий туризмни ривожлантириш катализаторига айланиши мумкин.

Тадбирда маърузачиларнинг чиқишлари илмий-маданий алмашинувлар, миллатлараро мулоқот ва ҳамкорликни йўлга қўйиш, тарихий-маданий мероснинг ижтимоий-гуманитар фанларни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси каби масалаларни қамраб олди.

Анжуман доирасида иштирокчилар учун аксарияти минг йиллардан ошган қадимги Хоразмнинг энг қимматли археологик ёдгорликларини томоша қилиш имконини берувчи маданий экскурсия ташкил этилди.

Маърузалар тадқиқот соҳаси ҳамда илмий ишларнинг муайян мутахассисликка тегишли хусусиятларига қараб тематик секцияларда давом этди.

– Ушбу анжуман Марказий Осиё халқлари учун муҳим аҳамиятга эга, – дейди Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари А.Абдуҳакимов. – Мазкур учрашув доирасида ўта муҳим ҳужжат – Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари декларациясини муҳокама қилиш ва қабул қилиш режалаштирилган эди. Бу эса минтақа тарихида мазкур йўналишдаги илк ташаббус бўлиб, Марказий Осиё давлатларини археология мероси объектларини ўрганиш, асраш ва уларни энг юқори халқаро даражада оммалаштириш йўлида бирлаштиришга хизмат қилади.

Анжуман доирасида Марказий Осиё археология меросини бошқариш тамойиллари декларацияси қабул қилинди. Ушбу декларация археология меросини ҳимоя қилиш ва уни тарғиб этишда ҳукуматлар ва илмий-академик жамоатчиликнинг умумий қарашларини акс эттирувчи Марказий Осиёда ишлаб чиқилган илк стратегик ҳужжатдир.

UNESCO маъқуллаган, умумэтироф этилган халқаро-ҳуқуқий ҳужжатларга таянган ҳолда ишлаб чиқилган мазкур декларация Марказий Осиё минтақасининг археологик меросини бошқаришнинг асосий тамойиллари, ёндашувлари ва усулларини белгилашга мўлжалланган.

 

А.Жиемуратов,

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги

ЎзА