Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган II халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида “Бахшилари бор юртнинг яхшилари бор!” номли маданий-маърифий тадбир бўлиб ўтди. Фестиваль чинакам халқона руҳда, халқ сайли тарзида ўтаётгани эътиборга молик.

“Шуҳрат” медали соҳиби Қаҳҳор бахши Раҳимов Қашқадарё вилоятининг Деҳқонобод туманидан келган. У бахшиларнинг еттинчи авлоди вакили саналади.

–  Ушбу фестивалда қорақалпоқ достонларидан бўлмиш “Шерюрак Мадихон” достонидан намуналарни ижро этдик. Халқимиз бундай фестивалларга, бахшилар билан учрашувларга интиқ экани  яна бир карра аён бўлмоқда. Бундай фестиваллар биз бахшиларга кўплаб афзалликларни беради. Янги овозларни барчага танитади. Бахшилар ўртасида дўстлик мустаҳкамланади. Бизга бўлган эътибор ушбу фестивалнинг  кўтаринки руҳда, юксак савияда ўтказилаётганида ҳам яққол аён бўлмоқда. “Устоз-шогирд” анъаналари янада бойийди. Биз бошқа бахшилардан ўрганамиз, бошқалар биздан ўрганади. Аслида бахшиларнинг еттинчи авлоди вакилимиз. Отам – Қодир бахши, бобом Жаббор бахши, бобокалонларим Бегимқул, Алимқул, хуллас бахшилар сулоласи вакили эканим қалбимга фахр, ҳам катта масъулият юклайди.

Устоз бахши Муҳаммад Эшбоев 2018 йилдан буён Термиз шаҳрида ташкил этилган бахшилар мактабида ёшларга таълим беради.

–  Болаларга бахшичилик санъатини китоб орқали ўргатиш анча мушкул жараён. Имкон қадар уларнинг ёшига мослаб бахшичилик санъатининг ўзига хос жиҳатларини тушунтиришга ҳаракат қиламан. Ўзим аслида бу санъатнинг сирларини тоғам, машҳур бахши  Абдуназар Поёновдан ўрганганман.  Қозоғистонда бўлиб ўтган бир қатор ижодий танловларда муваффақиятли иштирок этганман. Болалар чанқовуз, дўмбира ижросини астойдил ва мукаммал ўзлаштиришга интилаётгани қувонарлидир. Шу билан бирга Дилноза Лазизова, Одилжон Турсунов каби ўқувчиларимиз ҳам бир қатор республика танловларида ғолибликни қўлга киритгани эътиборга моликдир.

 

Назокат Усмонова, ЎзА