Нукус шаҳрида бўлиб ўтаётган II халқаро бахшичилик санъати фестивали доирасида ташкил этилаётган кўргазмалар, концертлар, бахши ва оқинларнинг бетакрор ижроси мазкур йирик маданий тадбирга келган хорижлик меҳмонларда ҳам катта қизиқиш уйғотмоқда.

ЎзА мухбири хорижлик меҳмонларнинг илк таассуротлари билан қизиқди.

 Марк Тутан,  Франциялик тадқиқотчи:  

– Янгиланишга юз тутган Ўзбекистонда ўзгаришлар ҳар жабҳада яққол кўзга ташланмоқда. Бой миллий меросингиз халқ оғзаки ижодиётининг ўзига хос намунаси сифатида бахшичилик ривожига бўлган эътиборда ҳам кўринмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев юксак санъатни, теран маънавият ва маърифатни, ижодкорлар, ёшларни муттасил қўллаб-қувватлайдиган элпарвар етакчи сифатида жаҳон ҳамжамияти кўз ўнгида намоён бўлмоқда. Қўҳна қорақалпоқ диёрида бундай фестивалнинг юқори савияда, байрамона руҳда ўтказилаётганига ўз кўзимиз билан гувоҳ бўлдик. Буларнинг бари давлатингиз раҳбарининг бир сўзли инсон эканини яна бир бор намоён этмоқда.

 Татьяна Емельяненко,  Россиялик олима:  

– Қаранг, Нукуснинг кўчалари қандай гавжум. Ундаги концертлар, бахшиларнинг ижроси барчани ўзига ром этиб қўйгани одамларнинг юз-кўзида зоҳир. Айримлар ҳозирги барча мамлакатлар учун ўта мураккаб даврда Ўзбекистоннинг бундай санъат фестивали ўтказаётганига ҳайрон қолаётган бўлса, кимлардир бу фестивалга ҳавас ва ҳайрат билан боқмоқда.

Президент Шавкат Мирзиёев асос солган бундай улкан ижодий лойиҳа қанчадан-қанча одамларни Нукусда бирлаштирди. Биз Ўзбекистон бахшилари доим изланишда, қизғин ижодий фаолиятини давом эттираётганига гувоҳ бўлдик. Мен мамлакатингизда бошланган улкан ислоҳотлар ўзининг самараларини кўрсатаётганига гувоҳ бўлмоқдаман.

 Эрмал Бега,  Албаниялик олим:  

– Халқнинг ўзлиги унинг ижодиётида кўзгу сингари акс этади. Маданий мерос ҳафталиги доирасида достонлар, умуман халқ оғзаки ижодиётини мукаммал ўрганаётган, фаол тадқиқотлар олиб бораётган ўзбек олимлари кўп эканини кўрдик. Улуғ аллома шоир Алишер Навоийнинг беназир ижодида ҳам халқона оҳанглар устуворлигини кўриш мумкин. Шундай алломалар етишиб чиққан заминнинг фольклор ижодиёти нақадар бой ва бетакрор экани ростмана бўй кўрсатмоқда. Бундай фестивалларнинг ўтказилиши маданий бойликларининг тадқиқоти, сайёҳлик равнақида янги-янги имкониятларни очиши шубҳасиз.

 

ЎзА мухбири Н.Усмонова ёзиб олди.