Мамлакатимизда миллий маданият ва санъат, бой маданий меросни кўз қорачиғидек асраб-авайлаш, уларни борича авайлаш, маъно-мазмунини тарғиб этиш масалаларига устувор аҳамият қаратилмоқда. Шу кунларда халқ меросининг энг нодир намуналари кўз-кўз этилаётган Нукус шаҳрида бу жиҳатлар яна бир карра ўзининг яққол ифодасини топмоқда.

Президентнинг  2021 йил 10 апрелдаги “II халқаро бахшичилик санъати фестивалига тайёргарлик кўриш ва бахшичилик санъатини ривожлантириш учун қулай шарт-шароит яратишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарорига кўра,  Нукусда халқ ижодиётининг ушбу нодир турига оид халқаро фестиваль байрамона руҳда бўлиб ўтмоқда.

Бахшичилик байрами муносабати билан ушбу мафтункор шаҳарга санъат мухлислари, хорижлик меҳмонлар ташриф буюришган. Бу эса жаҳон миқёсида бахшичилик санъатига бўлган қизиқишнинг тобора ортиб бораётганидан дарак беради. Нукус шаҳридаги Игорь Савицкий номидаги давлат санъат музейи атрофидаги хиёбон мамлакатимизнинг гўзал анъана ва удумлари, миллий ҳунармандлик намуналари, бой маданий-маънавий меросни намойиш этьувчи ажиб бир масканга айланган. Тасвирий ва амалий санъат кўргазмалари, бахшиларнинг чиқишлари, миллий куй-қўшиқлар, лапар ва достонлар навоси бир лаҳза бўлса-да тинмайди.

Фестиваль  доирасида Нукус шаҳридаги Опера ва бахшичилик санъати мактаб-интернатида “Бахшичилик санъатининг жаҳон маданияти цивилизациясида тутган ўрни” мавзусида илмий-назарий конференция ўтказилади. Унда маҳалллий ва хорижлик меҳмонлар қатнашиши кўзда тутилмоқда.

–  Бахшининг ижросини тинглаб, инсон юраги  тушунтириш жуда мушкул бўлган ажиб туйғулар таъсирида қолади, – деди Туркиянинг Сулаймония кутубхонаси мутахассиси Мустафо Ўзбакир. – Бундай бетакрор ижро инсон руҳиятини недир юксакларга олиб чиқади, десам муболаға бўлмайди. Умуман олганда, мамлакатингизда бахшичилик санъатига ҳам катта эътибор қаратилаётгани мазкур санъат байрамида яна бир карра намоён бўлмоқда.

Ҳа,Нукус  бугун санъат, бебаҳо мерос, кўҳна оҳангларга макон экани  барчанинг кўз ўнгида яна бир бор ёрқин намоён бўлмоқда.

 

Назокат Усмонова, ЎзА