Тароватли Нукус бугун яна ўзгача шукуҳ, гўзал жозиба касб этган.

Тахтакўпирлик Мамбет бахши Бекимбетов гарчи бахшичилик фестивалида иштирок этмаса-да, санъат мухлисларини ўз ижод намуналари билан хушнуд этиш учун Нукусга келган.

– 2002 йили Шапақ Шамуратов номидаги санъат билим юртини тамомлаб, ҳозирда туманимиздаги 17-Болалар мусиқа ва санъат мактабида бахшичилик йўналишида болаларга таълим беряпман, – дейди бахши. – Бахшичилик халқаро фестивалининг Нукусда бўлиб ўтаётгани қалбимизга чексиз ғурур бағишламоқда. «Ошиқ Ғариб ва Шоҳсанам» достони «Ғариб ва Санам», «Ғариб Ошиқ» , «Ғарибжон» каби номлар билан ҳам халқ орасида машҳур. Агар уни тўлиқ жамласа, каттагина китоб бўлади. Тўлиқ ижро этилса салмоқли вақт кетади. Муҳаббатга, армону изтиробга тўла бу достон халқимиз кўнглидан жой олган. Шу сабаб унинг энг жозибали лавҳаларидан иборат дастур тайёрлаб келдик. Ўйлайманки, мазкур фестиваль бахшичиликдек гўзал санъатни янги ривожланиш босқичига олиб чиқади.

 

 Н.Усмонова, ЎзА