Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Шанхай ҳамкорлик ташкилоти Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида иштирок этиш учун 16 сентябрь куни Тожикистон пойтахти Душанбе шаҳрига жўнаб кетди.

Саммитда ташкилотга аъзо мамлакатлар, кузатувчи мақомидаги ва мулоқот бўйича шерик давлатлар, халқаро ташкилотлар делегациялари раҳбарлари иштирок этади.

Давлат раҳбарлари кенгашининг мажлисида ШҲТнинг ўтган 20 йилдаги фаолияти ҳамда Тожикистон раислигининг якунлари кўриб чиқилиб, кўп томонлама ҳамкорликнинг долзарб вазифалари муҳокама қилинади. Глобал ва минтақавий аҳамиятга молик масалалар юзасидан фикр алмашилади.

Саммит якунида Душанбе декларацияси қабул қилиниши ва бошқа ҳужжатлар имзоланиши кўзда тутилган. ШҲТга раислик Ўзбекистон Республикасига ўтиши саммитнинг муҳим воқеаси бўлади.

Шунингдек, анжуман доирасида “ШҲТ – КХШТ” форматидаги учрашув ўтказилиши ҳам режалаштирилган.