Ўрмонлаштириш ишлари олиб борилаётган Орол денгизининг қуриган майдонида ёввойи ҳайвонлар яшаш ареали кенгайган ва фаоллашган.

Экология ва атроф муҳитни муҳофаза қилиш давлат қўмитаси ходимлари томонидан мазкур ҳудудда олиб борилган мониторинг ишлари тулки, қуён, ёввойи мушук, жайрон, юмронқозиқ, илон каби ҳайвонларни, қарға, чуғурчуқ, чумчуқ каби қушларни ҳамда сайғоқларнинг изларини 40-70 км оралиғида ва ер тагидан чиқаётган сувлар (артезиан) атрофларида ўсиб ривожланаётган қамишзорларда учратиш мумкинлигини кўрсатди.

Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш соҳасидаги назорат бўйича Қорақалпоғистон Республикаси Мўйноқ тумани инспекциясининг Биохилмахиллик ва МЭТҲ масалалари бўйича 1-даражали давлат инспектори Жанабай Медетовнинг таъкидлашича, Орол денгизининг қуриган тубидаги қумли, кичик ва ўрта барханли майдонларда ўсимликлар қоплами экилган ўсимликлардан ташқари бир йиллик шўра, оқбош, қамиш ўт ўсимликлари билан ҳам қопланган. Жуда кучли шўрланган ерларда асосан қорабароқ ўсимлиги яхши ривожланган. Қумли ва ўрта барханларда саксовул яхши ривожланмоқда.

2018-2019 йилларда мазкур ҳудудда артезиан қудуқлари қазилган эди.

Бундай артезиан қудуқларини қазиб кўпайтириб, сув билан таъмин этилса, ўсимлик ва ҳайвонот дунёсининг янада ўсиб ривожланишига ва экологияга, атроф муҳитга яхши таъсир кўрсатиб, шу ерларда қўриқхоналар ташкил қилиш имконияти яратилади.

 

Е.Қаноатов, ЎзА