Орол денгизининг қуриган майдонларида, яъни ўрмонлаштириш тадбирлари олиб борилаётган синов участкаларида саксовул ўсимлигининг кўкарувчанлигини 80 фоизгача ошира оладиган янги инновацион технология қўлланилди.

Яъни, сувда эрийдиган полимерларни ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги етакчи SNF компаниясининг Аквасорб 3005 (гидрогель) маҳсулоти саксовул экиш жараёнига татбиқ этилди.

Қорақалпоғистон Республикаси Ўрмон хўжалиги қўмитаси иштирокида БМТнинг Ўзбекистондаги тараққиёт дастури билан ҳамкорликда амалга оширила бошлаган мазкур тадбир жорий йил март ойида бошланди.

Қорақалпоғистон Республикаси Экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш қўмитаси раиси биринчи ўринбосари Мурат Жоллибековнинг таъкидлашича, ушбу маҳсулот ўсимликнинг илдиз зонасида ва атрофида намликни сақлаб, сувдан фойдаланишни оптималлаштиради ва ўсимликларнинг ўсишини тезлаштиради.

2021 йил 29 май кунида ушбу синов участкаларида экилган саксовулларнинг кўкарувчанлиги ўрганилиб, мониторинг ишлари олиб борилди. Натижада 1 литр сувга 10 грамм Аквасорб 3005 (гидрогель) маҳсулоти ишлатилган участкада саксовул ўсимлигининг кўкарувчанлиги 80, назорат тариқасида, яъни гидрогель қўлланмасдан экилган участкада эса саксовул ўсимлигининг кўкарувчанлиги 20 фоизни ташкил этганлиги аниқланган.

Мониторинг натижаларига кўра, 1 литр сувга 10 грамм Аквасорб 3005 (гидрогель) маҳсулотини ишлатиш Орол денгизининг суви қуриган тубида саксовул ўсимлигининг кўкарувчанлигини оширишда муҳим инновацион технология эканлиги маълум бўлди ва бу амалиётга кенг жорий қилина бошланди.

 

Е.Қаноатов, ЎзА