Давлатимиз раҳбарининг фармони билан мамлакатимизда миллатлараро дўстлик ва тотувликни мустаҳкамлаш, жамиятимизда турли миллат ва элат вакиллари ўртасидаги ўзаро ҳамжиҳатлик, бағрикенглик, меҳр-оқибат муҳитини асраш, миллий маданиятлар, урф-одат ва анъаналарнинг ўзига хослигини сақлаш, ривожлантиришга қўшган муносиб ҳиссаси, ёш авлодни Ватанга муҳаббат ва садоқат, миллий ва умуминсоний қадриятларга ҳурмат руҳида тарбиялаш йўлидаги ибратли ишлари учун бир гуруҳ юртдошларимиз орден ва медаллар, «Халқлар дўстлиги» кўкрак нишони билан мукофотланган эди.

Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесида ушбу мукофотларни тантанали топшириш маросими бўлди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси раиси ўринбосари А.Тошев йиғилганларни Халқлар дўстлиги куни байрами ҳамда давлатимизнинг юксак мукофотлари билан самимий муборакбод этди.

Таъкидланганидек, Президентимиз Олий Мажлисга йўллаган Мурожаатномасида жамиятимизда миллатлараро тотувлик, диний бағрикенглик муҳитини мустаҳкамлаш борасидаги ишлар изчил давом эттирилишига алоҳида тўхталиб, юртимизда 30 июль “Халқлар дўстлиги куни” деб белгилашни таклиф этди. Шунингдек “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишонини таъсис этиш ҳақидаги ташаббус ҳам қўллаб-қувватланди.

Давлатимиз раҳбарининг 2017 йил 19 май куни қабул қилинган “Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқаларини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида“ги фармони миллий маданий марказлар фаолиятини давр руҳига монанд ташкил этиш, хорижий мамлакатлар билан маданий-маърифий алоқаларни кенгайтириш борасида янги истиқболларни очиб берди.

Бугун юртимизда 130 дан ортиқ миллат ва элат, 16 та диний конфессия вакиллари ҳамжиҳатликда, бир оила фарзандидек яшаб, мамлакат тараққиётига муносиб ҳисса қўшиб келмоқда. Юртимизда 150та миллий маданий марказ, 38 та дўстлик жамияти фаолият кўрсатмоқда. Улар турли миллат ва элатларга мансуб фуқароларнинг эзгу қадриятларини асраб-авайлаш, урф-одат ва анъаналари бардавомлигини таъминлаш, ёш авлодни миллатлараро бағрикенглик руҳида тарбиялаш йӯлида хизмат қилмоқда.

Миллий маданий марказлар фаолиятини ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлаш, улар учун кенг шароитлар яратиш масаласи миллий қонунчилигимизда ҳам ўз аксини топган. Айни пайтда грантлар, ижтимоий буюртма ва субсидиялар орқали ҳам уларнинг турли илғор ташаббуслари фаол қўллаб-қувватланмоқда.

Тадбирда орден ва медаллар, “Халқлар дӯстлиги” кӯкрак нишони ӯз эгаларига тантанали равишда топширилди. “Халқлар дўстлиги” кўкрак нишони билан тақдирланганлар орасида ҳамкасбимиз, Ўзбекистон Миллий ахборот агентлигининг Қорақалпоғистон Республикаси бўйича шарҳловчиси Д.Абибуллаев ҳам бор. Шунингдек, Оролбӯйида фаолият олиб бораётган миллий-маданий марказларга эсдалик совғалари берилди.

– Давлатимиз раҳбарининг Халқлар дўстлиги куни муносабати билан байрам табригини барчамиз мамнуният билан эшитдик, – дейди Қорақалпоғистон Республикаси Рус миллий-маданий маркази раиси Галина Александровна Зоркина.– Табрикда таъкидланганидек, бизнинг энг катта бойлигимиз – турли миллат ва конфессиялар вакиллари ўртасидаги тинчлик ва барқарорлик, ўзаро ҳурмат ва ҳамжиҳатликдир.

 

Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА