Қорақалпоғистон Республикаси Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида бакалавриатнинг жисмоний маданият ва мусиқа таълими йўналишларига 2021-2022-ўқув йили қабули учун касбий (ижодий) имтиҳонлар бошланди.

Имтиҳонлар санитария-эпидемиология талаблари асосида белгиланган режа бўйича бошланиб, кунига икки маҳал шу йилнинг 6 август кунигача давом этади. Абитуриентларнинг алоҳида иқтидорлари, тайёргарлигини баҳолаш мақсадида Фарғона, Наманган, Хоразм ва Навоий вилоятларидаги олий таълим муассасаларидан мутахассислар, профессор-ўқитувчилар жалб қилинган.

Тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси бакалавр таълим йўналишига қабул учун касбий (ижодий) имтиҳонлар 1-августдан бошланиши белгиланган. Уларни одилона ва шаффоф ўтказиш, ота-оналар ва бошқа хоҳловчиларнинг жараённи масофадан туриб онлайн тарзда интернет орқали тўғридан-тўғри кузатиб бориш имконияти яратилган бўлиб, ҳар бир абитуриентнинг иштироки видеоёзувга олинмоқда.

– Бу йил учинчи марта олий таълим муассасасига кириш имтиҳонида иштирок этяпман, – дейди мусиқа таълими йўналишига имтиҳон топшираётган чимбойлик абитуриент Адилбек Ерданов. – Ўтган йилларда тайёргарлигим тўлиқ бўлмай, ўқишга кира олмадим. Бу йил яхши тайёрланиб, ўз маҳоратимни, қобилиятимни намоён қилишга ҳаракат қиламан.

Институтда бўлиб ўтадиган касбий (ижодий) имтиҳонларга бакалавриатнинг жисмоний маданият (шу жумладан, хотин-қизлар спорти) йўналиши кундузги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 1239 нафар, мусиқа таълими йўналиши кундузги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 222 нафар, тасвирий санъат ва муҳандислик графикаси таълим йўналиши кундузги ва сиртқи бўлимлари барча гуруҳларида жами 297 нафар абитуриент иштирок этиши белгиланган.

Довуд Абибуллаев, ЎзА