Олий Мажлис Сенатининг ўн еттинчи ялпи мажлисида Ўзбекистон Республикаси ички ишлар вазирининг ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш ва уларнинг профилактикаси ҳолати тўғрисидаги ахбороти эшитилди.

2021 йилнинг 6 ойи мобайнида республикада жиноятларнинг олдини олиш, фуқароларнинг ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатлари ҳимоя қилинишини таъминлаш борасида Ички ишлар вазирлиги томонидан бошқа мутасадди вазирлик ва идоралар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ҳамда фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликда бир қатор самарали ишлар амалга оширилган.

Хусусан, 2021 йил 6 ойда содир этилган умумий жиноятларнинг 95,3 фоизи фош этилган, қидирувдаги 1 минг 833 нафар шахс ушланган. Бедарак йўқолган 218 нафар шахс топилган. Ички ишлар органлари ходимларининг ташаббуси билан мазкур даврда 15 минг 434 та жиноят аниқланган.

Оилалардаги нотинчлик, низоларнинг ўз вақтида ҳал этилмаслиги маҳалла фаоллари ва кенг жамоатчиликнинг эътиборидан четда қолганлиги оқибатида ўта оғир жиноятлар содир этилмоқда. Жумладан, 2021 йил 6 ойида оилавий муносабатлар доирасида содир этилган жиноятларнинг 77 таси қотиллик, 798 таси тан жароҳати етказиш билан боғлиқ жиноятлардир.

Шу билан бирга, оилавий низоларга ўз вақтида барҳам берилмаганлиги оқибатида 9 минг 575 та  оила-турмуш муносабатлари доирасидаги ҳуқуқбузарликлар содир этилиб, уларнинг аксарияти, яъни 70 фоизи Тошкент шаҳар, Тошкент, Фарғона,  Қашқадарё, Андижон вилоятлари ҳиссасига тўғри келади.

Оғир турмуш шароитида яшаётган аёлларнинг муаммолари тўлиқ ҳал этилмасдан келинаётганлиги оқибатида 2021 йилнинг биринчи ярмида 3 236 нафар хотин-қиз томонидан 1 163 та  жиноят содир этилган.

Бундан ташқари, республика ҳудудида содир этилган йўл транспорт ҳодисаларининг олдини олиш ишлари ҳам тўғри ташкил этилмаган. Мамлакатимизда ҳайдовчиларни тайёрлаш ва улардан имтиҳон олиш тартиби билан боғлиқ муаммолар мавжуд.

Вазирлар Маҳкамасининг 2015 йил 24 декабрдаги қарори билан тасдиқланган янги таҳрирдаги «Йўл ҳаракати қоидалари»ни ҳам такомиллаштириш тақозо этилади. Мазкур қоидалардаги баъзи бандларнинг ўрни алмаштириб юборилгани оқибатида тегишли бандлардаги ҳаволалар мутлақо бошқа бандларга тааллуқли бўлиб қолмоқда. Тест саволлари имтиҳон билетларидаги йўл ҳаракати қоидаларига зид ёки маънавий, техник эскирган.

Бунинг натижасида эса сифатсиз таълим олган ҳайдовчилар томонидан йўл-транспорт ҳодисалари содир этилмоқда.

Бундан ташқари, автомобиль йўлларида йўловчилар хавфсизлигини таъминлаш юзасидан таъсирчан назорат тўлиқ ва самарали ўрнатилмаганлиги сабабли Республика бўйича 2021 йилнинг ўтган 6 ойи давомида жами 3,5 миллионга яқин йўл ҳаракати қоидабузарлиги содир этилган. Натижада 3 минг 754 та йўл-транспорт ҳодисаси содир этилиб, уларда 3 минг 170 нафар фуқаро жароҳатланган ва 954 нафар фуқаро ҳалок бўлган. Энг ачинарлиси, ушбу ЙТХҲларда 458 нафар бола жароҳатланган ва 104 нафар вояга етмаган бола ҳалок бўлган.

Ушбу рақамларни 2020 йилнинг олти ойи билан солиштирадиган бўлсак, жами йўл-транспорт ходисалари сони 57,2 фоизга, улардан ҳалок бўлганлар 30,5 фоизга, жароҳатланганлар эса 38,1 фоизга ортган.

Болалар билан боғлиқ йўл-транспорт ҳодисалари эса 2020 йилнинг олти ойига нисбатан 40,8 фоиз, жароҳатланганлар 44,9 фоиз, ҳалок бўлганлар эса 33,3 фоизга кўпайган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА