Сайлов кампанияси даврида сайловчиларни Сайлов кодекси ҳақида, бўлажак сайловнинг Конституциявий ҳуқуқий асослари, сайловчининг ҳуқуқлари, сиёсий партиялар кузатувчилари, ваколатли вакиллари, номзодларнинг ишончли вакиллари ҳуқуқлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва халқаро кузатувчилар ваколатлари, сайловларнинг умумэътироф этилган халқаро демократик тамойиллари ҳақида тезкор маълумотлар қизиқтиради.

Шунингдек, ҳар бир сайловчи ўзи овоз беришда иштирок этадиган сайлов участкасини билиши, сайловчилар рўйхатидан хабардор бўлиши, сайлов кунига қадар қаерда овоз бериши мумкинлиги ҳақида аниқ маълумотларга эга бўлиши зарур.

Шуни алоҳида айтиш лозимки, Давлат статистика қўмитаси маълумотларига биноан, 2021 йил 1 апрель ҳолатига кўра, мамлакатимиз бўйича мобиль алоқа тизимига уланган абонентлар сони 26 млн 953 минг нафарни ташкил этган.

Агар мамлакатимиздаги сайлов ёшидаги сайловчилар сони 21 миллион атрофида эканлигини ҳисобга олсак, ҳар бир сайловчига сайлов ҳақида  ахборотларни мобиль алоқа тизими орқали етказишнинг йўлга қўйилиши  катта самарадорликка эришишга хизмат қилади.

Сайловчини қизиқтирадиган барча саволларга тезкорлик билан жавоб беришни ташкил қилиш, зарур адабиётлар, ўқув қўлланмалари, тест саволлари, сайловга оид маълумотлар ва ахборотлар билан таъминлашда ахборот коммуникация технологияларидан фойдаланиш ўз самарасини беради.

Сайлов кампанияси даврида ҳам мобиль иловадан фойдаланиш, сайловчиларга ҳар томонлама қулайлик яратишни йўлга қўйиш Марказий сайлов комиссиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловига тайёргарлик кўриш бўйича асосий тадбирлар дастурида кўзда тутилган.

Шу мақсадда Марказий сайлов комиссияси, Project Managers компанияси ва Тошкент шаҳридаги Инҳа университети ҳамкорлигида “Сайлов-2021” мобиль иловаси яратилди. Бугунги тақдимотда мазкур мобиль илова ҳақида ҳам маълумот берилди.

Иловага кириш тугмаси босилгач, Мобиль иловада бўлимлар, сайлов участкалари, Масс-медиа, тестлар ва ёрдам саҳифалари намоён бўлади. Мобиль иловага жойлаштирилган маълумотлар базасининг “Бўлимлар” саҳифасида  “Ўқув материаллари”, “Эслатмалар”, “Сайлов қонунчилиги”,  “Кутубхона” рукнлари жойлаштирилган.

Ушбу саҳифалар тегишли маълумотлар билан тўлдирилган бўлиб, сайловчи, сайлов комиссияси аъзоси, кузатувчилар, номзодлар ва уларнинг ишончли вакиллари учун барча зарур ҳуқуқий ахборотлардан иборат.

“Ўқув материаллари” рукнида Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловининг конституциявий-ҳуқуқий асослари, Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловини ўтказувчи сайлов комиссиялари тизими, ваколатлари ва вазифалари, сайлов жараёнида хорижий давлатлар ва халқаро ташкилотлар кузатувчиларининг иштироки, уларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, маҳаллий кузатувчилар ва ваколатли вакилларнинг ҳуқуқ ва мажбуриятлари, сайловчилар рўйхати билан ишлаш,  овоз беришни ташкил қилиш, сайлов натижаларини аниқлаш ва эълон қилишга оид мавзуларидаги ўқув материаллари тақдимотлар, маъруза матнлари, инфографикалар, видео-дарслари шаклида тайёрланган.

“Эслатмалар” рукни ҳам сайлов ташкилотчилари, сайлов комиссиялари, кузатувчилар, ваколатли вакиллар учун зарур услубий тавсиялардан иборат.

“Сайлов қонунчилиги” рукни эса сайлов қонунчилигига оид ҳужжатлардан иборат. Яъни Ўзбекистон Республикаси Конституцияси, Сайлов кодекси, Марказий сайлов комиссиясининг қарорлари жойлаштирилган.

 

Нурилло Насриев, ЎзА