Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги “Турон” ўйингоҳида Президент мактабига талабгор ўқувчилар учун тест синовларининг дастлабки босқичи бўлиб ўтмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев 2018 йилда Қорақалпоғистон Республикасига ташрифи чоғида Президент мактабларини ташкил этиш ва уни Нукус шаҳридан бошлаш ҳақидаги таклифни илгари сурган эди. Жорий ўқув йилида Президент мактабини 24 нафар ўқувчи битирган бўлса, уларнинг деярли барчаси АҚШ, Буюк Британия, Хитой, Швейцария, Бирлашган Араб Амирликлари, Венгрия, Австралия ва бошқа давлатларнинг нуфузли олий ўқув юртларига кириш бахтига муяссар бўлди.

– 2021-2022 ўқув йили учун 5-6 синфларга жами 5381 ўқувчи-ёшдан ариза келиб тушган бўлса, 5240 ҳужжат комиссия томонидан қабул қилинди, – дейди Нукус шаҳридаги Президент мактаби директори Нурсулув Болтабоева. – Шундан 5 синфга 2972 ҳужжат, 6 синфга 2268 ҳужжат қабул қилинган. Жами 1620 ўринга мўлжалланган ўйингоҳда математика фанидан тест синовларининг дастлабки босқичи бўлиб ўтмоқда. Тест жараёнларини шаффоф ва ҳаққоний ўтишини таъминлаш мақсадида ота-оналар учун ҳам барча шарт-шароитлар яратилди.

– Қизим Дияна Болтабоева Хўжайли туманидаги 41-сонли давлат ихтисослаштирилган умумий ўрта таълим мактабининг 4-синфини битириб, Президент мактабига тест синовларида иштирок этди, – дейди онаси Насиба Матниязова. – Биз, ота-оналар тест жараёнларини онлайн кузатиш имкониятига эга бўлдик. Ким мактабда яхши билим олган бўлса, тест синовларига яхши тайёргарлик кўрган бўлса, албатта қабул қилинади. Барча иштирокчи ўқувчиларга омад тилайман.

Тест синовлари икки кун давом этади. Ҳар бир синфдан 480 нафар ўқувчидан жами 960 нафар ўқувчи кейинги босқичда иштирок этиш учун йўлланма олади. Иккинчи босқич синовлари 20 августдан 25 августга қадар ўтказилиши режалаштирилган. Шундан энг билимли 24 нафар ўқувчи 5 синфга, 24 нафар ўқувчи 6 синфга қабул қилинади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА