Қорақалпоғистон Республикаси Нукус шаҳридаги Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабининг 7-синфига билимли, иқтидорли ӯқувчиларни қабул қилиш ҳамда саралаш учун кириш имтиҳонининг иккинчи босқичи, яъни тест синовлари бӯлиб ӯтди.

Ўтган давр мобайнида мамлакатимизда узлуксиз таълим тизимини янада такомиллаштириш, сифатли таълим хизматларидан фойдаланиш имкониятларини ошириш, меҳнат бозорининг замонавий талабларига мувофиқ юқори малакали кадрлар тайёрлаш бўйича кенг кўламли чора-тадбирлар амалга оширилди.

Давлатимиз раҳбарининг ташаббуси билан ташкил этилган Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида саралаш имтиҳонлари икки босқичда амалга оширилди. Биринчи босқичда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон Ёзувчилар уюшмалари билан ҳамкорликда номзодларнинг ижодий қобилияти ёзма ва оғзаки шаклда ўрганилди. Иккинчи босқичда эса Давлат тест маркази билан ҳамкорликда она тили ва адабиёт ҳамда инглиз тилидан тест синовлари ўтказилди.

– Халқ достонларига, бадиий адабиётга қизиқаман, – дейди Мӯйноқ туманидан Рамазон Бахиев. – Бӯш вақтларимда ҳикоялар ёзиб тураман. Орзуим Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов номидаги ижод мактабида таълим олиш.

Ижод мактабида жами 93 нафар талабгор кириш имтиҳонларида иштирок этди. Шундан энг билимли, иқтидорли 12 нафар ӯқувчи 7-синфга қабул қилинади.

 

Довуд Абибуллаев, Мақсад Ҳабибуллаев (сурат), ЎзА