Қорақалпоғистон Республикаси суди раиси ўринбосари Б.Қтайбеков ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси маъмурий суди раиси вазифасини бажарувчи А.Нурлипесов томонидан Амударё туманидаги Чордара, Янгиобод, Жумуртов, Жумур овул, Тўлқин маҳалла ва овул фуқаролар йиғинларида яшовчи аҳоли учун сайёр қабул ўтказилди.

Унда масъуллар фуқароларнинг суд-ҳуқуқ масалаларига оид мурожаатларини тинглади. Жумладан, Жумуртов овулида яшовчи Хамида Қозоқбоева алимент ундириш масаласида амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Унга Фуқаролик ишлари бўйича Беруний туманлараро судига мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди. Чордара маҳалласида истиқомат қиладиган Баҳодир Қӯчқаров турар жойга меросхўр деб топишга амалий ёрдам беришни сўради. Унга ҳам ушбу масала юзасидан судга мурожаат қилиш тартиби тушунтирилди.

Шунингдек, Янгиобод маҳалласида яшовчи Карима Абдуллаева ўзига пенсия тайинланишида ногирон фарзандини парвариш қилиш даврини меҳнат стажига киритишга амалий ёрдам беришни сўраб мурожаат қилди. Маъсуллар унга айни масалада қаерга мурожаат қилиши кераклиги тўғрисида ҳуқуқий тушунча берди.

Сайёр қабул жараёнида 7 нафар фуқаронинг мурожаати ўрганилиб, уларга тегишли тартибда ҳуқуқий тушунча ва маслаҳат берилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА