ОТМларга ҳужжат қабул қилиш ниҳоясига етишига икки кун вақт қолди. Сўнгги йилларда ўқитувчилар нуфузини оширишга эътибор кучайганлиги сабаб, ёшлар орасида педагог бўлишни хоҳлаганлари нисбатан кўп. Буни Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетига ҳужжат топширган абитуриентлар сонидан ҳам билсак бўлади. Ушбу университет ҳужжатлар қабули жараёнида биринчи учликдан пасга тушмади.

Биз ушбу даргоҳ атрофидаги ёшларнинг фикрларини тингладик. Зеро, ҳужжат топширишга улгурмаган абитуриентлар бўлса, ушбу фикрлар фойда келтириши мумкин.

Нодира Комилова (абитуриент):

– Болалик пайтларимда телевизор кўриб ўтирганимизда, телевизор бурчагида сурдотаржимонлар бўларди. Бу ҳолат жуда қизиқ туюларди ва қайсидир маънода мен ҳам келажакда шу касбни танлашни хоҳлардим.

Йиллар ўтди, бу йўналиш ҳақида қизиқишни бошладим. Ушбу йўналишнинг эшитиш қобилиятини йўқотган болаларни махсус ўқитиш ва тарбиялаш масалалари билан боғлиқ эканлигини ўргана бошладим.

Ҳозир абитуриентман, мазкур йўналиши бор олий таълим муассасаларини изладим. Бу мутахассислик ТДПУ Сурдопедагогика йўналишида бор экан. Шу ерга ҳужжатларимни топширдим ва албатта келажакда талаба бўлиб, сурдотаржимонлик бўйича энг яхши мутахассис бўламан.

Отабек Собитов,  ТДПУ талабаси:

– Мен кучли психолог бўлишни хоҳлаганман. Бунда мактабда ўқувчилар билан ишлаш, уларга психологик ёрдам беришни ният қилганман. Ўтган ўқув йилида ТДПУнинг Амалий психология йўналишига ўқишга кирдим. Бу ерда психологияни жиддий ўрганишга киришдим. Ўқитувчилардан етарли билимларни олишни бошладим. Бугун шу соҳани танлаганимдан хурсандман. Мана, ҳозиргина бу ўқув йили учун укам ҳам шу йўналишга ҳужжат топширди. Биз келажакда, албатта, ТДПУни тамомлаб, кучли психолог бўламиз.

Лазизбек Саидов (абитуриент):

– Бу йил ТДПУда янги Мусиқий таълим факультети ташкил этилганлигини эшитиб келдим. Бу ерда Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган артист Женисбек Пиазов ҳам дарс берар экан. Шу ерга ҳужжатларимни топширдим. Келажакда энг етук мутахассислардан дарс олиб, ўқувчиларга мусиқа фанидан дарс беришни мақсад қилганман. Албатта ушбу даргоҳга ўқишга қабул қилинсам, янги мусиқаларни басталаб, ўқитувчилардан бўлажак педагог сифатида бор билимларни оламан.

Назарбек Олимов (абитуриент):

– Мактабда ўқиб юрганимда кимё фанидан олимпиадага қатнашардим. Натижаларим ҳар йили ҳар хил бўларди. Лекин мақсадим Кимё соҳасида етук педагог олим бўлиш эди. Ҳужжатларимни ТДПУнинг Кимё йўналишига топширдим. Бу даргоҳга меҳрим тушишининг яна бир сабаби ҚВЗ кўрик танловида университет жамоасининг ўйинлари менга ёққан эди. Ўқишга кирсам албатта бу ерда соҳадаги энг зарур билим ва тажрибаларни ўрганаман.

Насиба Собирова (абитуриент):

– Бошланғич таълимда менга дарс берган ўқитувчим асосий эътиборни – бизда тафаккур қилишни кенгайтириш ва эркин фикрлай олишга қаратган эди. Уларнинг дарс ўтиш методи кучлилиги сабабли, менда шу ўқитувчимга ўхшаш истаги пайдо бўлган. Қайси ОТМда энг яхши бошланғич таълим ўқитувчиси мутахассиси тайёрланишига қизиқдим. Сўрадим, изландим. Натижада ТДПУнинг Бошланғич таълим йўналишини танладим. У ерга ҳужжатларимни топширдим. Ушбу университетни танлашимга асосий сабаб, менинг бошланғичдаги ўқитувчим ҳам шу даргоҳда ўқиган ва бу даргоҳда бугунги кунда энг замонавий технологиялардан фойдаланган ҳолда дарслар ташкил этилиб, зарур методлардан фойдаланишга эътибор қаратилар экан.

Юқорида ёшларнинг фикрларидан кўриниб турибдики, мамлакатимизда сўнгги йилларда таълим тизимидаги ислоҳотлар олий маълумотли малакали кадрлар тайёрлашга қаратилган. Хусусан, қабул квоталарининг ошиши ва имтиҳонларнинг шаффофлиги орқали исталган ОТМга кириш имкониятининг мавжудлиги фикримизнинг далилидир.

 

ЎзА