Президентимиз томонидан хотин-қизлар масалаларига, уларнинг турмуш шароитларини яхшилаш, ҳаётий муаммоларини бартараф этиш, иқтидор ва имкониятларини юзага чиқариш учун барча қулай шарт-шароитлар яратилмоқда.

Мамлакатимиз тараққиёти, жамият ривожи ҳамда оилаларнинг мустаҳкамланишида хотин-қизларнинг ўрни катта. Хотин-қизлар ижтимоий-маънавий, сиёсий-иқтисодий хаётнинг барча жабҳаларида, давлат бошқаруви ва вакиллик органлари, ишлаб чиқариш, тадбиркорлик, фермерлик, соғлиқни сақлаш, таълим, илм-фан, маданият тизимларида самарали меҳнат қилмоқда.

Қорақалпоқ давлат университетида ҳам 700 нафардан зиёд хотин-қизлар ишлайди. Хотин-қизлар билан тизимли ишларни амлага ошириш учун  Ўзбекистон Республикаси  Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг 2020  йил 17 июндаги “Хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашларини тузиш тўғрисида” ги буйруғи асосида Қорақалпоқ давлат университетида хотин-қизлар маслаҳат кенгаши  тузилди.

Университет хотин-қизлар масалалари бўйича маслаҳат кенгашининг меъёрий-ҳуқуқий ва ташкилий асосларни такомиллаштириш, хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш, таълим муассасаларида хотин-қизлар билан ишлаш тизими, хотин-қизлар ўртасида ўтказиладиган маънавий-маърифий, тарбиявий ишларни ташкил этиш бўйича  21 та банддан иборат чора-тадбирлар режаси тасдиқланган.

Мазкур режада белгиланган маънавий-маърифий ва тарбиявий тадбирлар университетнинг гуманитар ва ижтимоий-иқтисодий фанлар кафедралари, “Ёшлар иттифоқи” бошланғич ташкилоти, Мураббийлар кенгаши, Бирлашган касаба уюшмаси, Нуроний жамғармаси, спорт клублари, маънавий ва бадиий-ижодий тўгараклар билан ҳамкорликда амалга оширилмоқда.

Университетда ижтимоий ҳимояга муҳтож хотин – қизларни қўллаб-қувватлашга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Жумладан, профессор-ўқитувчилар  ва ишчи ходимларнинг оилавий аҳволини яхшилаш ҳамда даволанишлари учун моддий ёрдам кўрсатилаётир. Талаба ёшларни модий қўллаб-қувватлаш мақсадида университетда “Университет талабаларини мукофотлаш кенгаши” ташкил этилган.

Кенгаш томонидан белгиланган тартибда ҳар ўқув семестри якуни бўйича фанларни аъло баҳога ўзлаштирган, иқтидорли, жамоат ишларида фаол ва ижтимоий муҳофазага муҳтож бўлган талабаларга моддий  ёрдам берилмоқда. 2019/2020 ўқув йилида 4 нафар талаба-қизларга 21 миллион сўм миқдорида, 2020/2021 ўқув йилида 160 нафар талаба-қизга устама стипендия ва бир марталик мукофот пули ва моддий ёрдам берилди.

Университетда тахсил олаётган 45 нафар етим, чин етим, ногирон, ижтимоий ҳимояга муҳтож ҳамда “темир дафтар” рўйхатидаги талаба-қизларга шартнома  тўлов пуллари Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси томонидан тўлаб берилди. Шунингдек, “Талабаларни рағбатлантириш” жамғармаси ҳисобидан ушбу тоифадаги 56 нафар талаба-қизнинг ҳар бирига 1 миллион  жами 56 миллион сўм шартнома тўлов пуллари тўлаб берилди.

Университетда талаба-қизларнинг бандлигини таъминлаш ва бўш вақтини мазмунли ўтказишга алоҳида эътибор қаратилган. Президентимиз томонидан илгари сурилган 5 та муҳим ташаббус асосида 69 та тўгарак ва спорт секциялари фаолият кўрсатмоқда. Қизларнинг бўш вақтини мазмунли ташкил этиш, уларни оилага тайёрлаш, касб-ҳунарга ўргатиш ва уларнинг бандлигини таъминлаш мақсадида хотин қизлар кенгаши қошида “Чевар қўллар”, “Миллий каштачилик”, “Қӯл ҳунари”, “Оила” маслаҳат, “Қизларжон ва Зулфия” , “Китабхон қизлар”, “English clab” каби клуб ва тўгараклари фаолият юритмоқда.

Тўгараклардаги  талаба-қизлар ўртасида “Давр қизлари”, “Миллий ва замонавий кийимлар”, “Маданиятли кийиниш – одоблилик белгиси” каби мавзуларда ўтказилаётган  танловлар, “Келин-куёв” ток-шоуси  ёшларга катта қизиқиш уйғотмоқда.

Университет талабалар турар жойида миллий каштачилик ва тикувчилик билан шуғулланиш учун тикув цехи ташкил этилган.  “Нафосат – 2020” миллий либослар кўргазмали фестивали ғолиби ёш тадбиркор Дилназ Адилчаева бошқараётган цехда 75 нафар талаба-қизга ўқув курслари ва маҳорат дарслари  ўтказилмоқда.

 

Довуд АБИБУЛЛАЕВ,

ЎзА