Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси ҳузуридаги нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтларини қўллаб-қувватлаш Жамоат фонди томонидан ташкил қилинган грант танловида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларининг ижроси юзасидан жойларда жамоатчилик назоратини таъминлаш” лойиҳаси бўйича ғолиб бўлган эди.

Нукусда мазкур лойиҳанинг мақсад ва вазифалари, аҳамиятига бағишланган матбуот анжумани бўлиб ўтди.

Тадбирда Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, лойиҳа раҳбари К.Реймов, Қорақалпоғистон Республикаси Иқтисодий ривожланиш ва камбағалликни қисқартириш вазирлигининг масъул ходими Т.Юсупов бугунги кунда Оролбўйида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурлари бўйича амалга оширилаётган лойиҳалар, уларнинг ўз вақтида ва сифатли бажарилиши, маблағларнинг мақсадли сарфланиши билан бир қаторда жойларда учраётган камчиликлар, уларни бартараф этишда жамоатчилик назоратини таъминлаш каби масалалар хусусида атрофлича маълумот берди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатни демократик янгилаш жараёнида фуқаролик жамияти институтларининг ролини тубдан ошириш, жамиятимизнинг ижтимоий-иқтисодий ҳаётини янада юксалтириш, камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлиги ва реал даромадларини ошириб бориш, аҳоли айниқса, ёшлар ва хотин-қизларнинг бандлигини таъминлаш, уларни ижтимоий ҳимоя қилиш, тадбиркорликни ривожлантириш ва шу орқали янги иш ўринларини яратиш долзарб вазифа ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, ҳудудларда бўлаётган ўзгариш ва ривожланишларда аҳоли фаоллигини ошириш каби муҳим йўналишни ўзида жамлаган мазкур гранд танлови нодавлат-нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти институтлари фаолиятини қўллаб-қувватлашда муҳим омил бўлмоқда.

Жорий йилда Қорақалпоғистон Республикасидаги ҳар бир туман ва Нукус шаҳридан 2 тадан маҳалла ва қишлоқлар мазкур дастурга киритилиб, жами 34 та ўринда ободонлаштириш ва бунёдкорлик ишлари амалга оширилиши назарда тутилган. Лойиҳа доирасида дастурларнинг бажарилиш жараёнини оммавий ахборот воситаларида кенг ёритиш ва самарадорликка эришиш мақсадида “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастури журналистлар нигоҳида” мавзусидаги танлов эълон қилиниб, ғолиблар қимматбаҳо совғалар билан тақдирланиши белгиланган.

– Лойиҳадан кўзланган мақсад, “Обод қишлоқ” ва “Обод маҳалла” дастурларнинг амалга оширилиши юзасидан жамоатчилик назоратини кучайтириш, бунда журналистларнинг фаоллигини оширишдан иборат, – дейди Ўзбекистон Журналистлари ижодий уюшмаси Қорақалпоғистон бўлими раиси, лойиҳа раҳбари Кенгесбой Реймов. – Энг муҳими, лойиҳа доирасида билдирилган таклиф ва мулоҳазалар тегишли мутасадди ташкилотларга ёзма равишда тақдим этиб борилади.

Тадбирда оммавий ахборот воситалари ходимлари ҳамда блогерлар ўзларини қизиқтирган саволларга жавоб олди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА